Туркманистон полицияси: фақат оқ машина ҳайданг, аёллар рулга ўтирмасин

Туркманистон полицияси: фақат оқ машина ҳайданг, аёллар рулга ўтирмасин

Туркманистоннинг йўл полицияси ғалати ишларга қўл уряпти. “Хроника Туркменистана” (Туркманистон хроникаси) порталининг ёзишича, 2018 йилнинг 2 январидан бошлаб қўшни Туркманистонда қора рангли автомобилда ҳаракатланиш тақиқланган. Йўл полицияси эса фақатгина қора эмас, кўк, қизил ва яшил енгил машиналарни ҳам тўхтатиб жарима майдончасига ҳайдамоқда, аммо бирор тушунтириш бергани йўқ.

Айрим хабарларга кўра, қора рангли машина бошқаришга ёзма равишда бирор қарор ёки буйруқ чоп этилмаган, ЙПХ ходимлари фармойишни ўзларича талқин қилиб тўқ рангли машиналарни сиқувга олмоқда. Баъзи ҳайдовчилар қўйиб юбориляпти, аммо кузовни бошқа рангга бўяш ёки бу машинани минмаслик тавсия этилмоқда.

“Альтернативные новости Туркменистана”нинг (Туркманистоннинг муқобил янгиликлари) хабарига кўра эса ҳукумат аёлларнинг машина минишини ҳам тақиқлаб қўйди. Декабрда автоинспекция ходимлари ҳайдовчи аёлларни огоҳлантириш билан чекланган, январда эса уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш, машинани жарима майдончасига йўллаш бошланган.

Туркманистоннинг Ички ишлар вазири Исгендер Муликовнинг ахборотига кўра, статистика ЙТҲларнинг кўпчилигини аёллар содир этаётганлигини кўрсатмоқда. Президент эса вазирга вазиятни ўнглашни буюрди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"