Uber ҳайдовчисиз автомобилини синашни бошлади

Uber ҳайдовчисиз автомобилини синашни бошлади

АҚШнинг Питтсбургида Ford Fusion асосида яратилган автоном автомобилни синаш ишлари бошланди. Uber ATC деб номланган прототипни синаш мобайнида компания мутахассислари автомобиль ҳолати ва имкониятларини диққат билан ўрганишади.

Uber ATC бир қанча радарлар, лазерли сканерлар ва ўткир нигоҳли камералар билан жиҳозланган бўлиб, атроф-муҳитни аниқ-тиниқ “кўриб” боради. Машина ўзи тезланиш олади, тормозлайди, рули бурилади ва бошқа кўплаб юмушларни мустақил бажаради. Синаш ишлари давомида рулда ҳайдовчи ўтиради, ҳожат туғилса, ўзи бошқаришга киришади. Кўзда тутилмаган ҳолат юз берса, автомобиль клаксон сигналини бериб, бошқарувни ҳайдовчи измига топширади.

Умумфойдаланиш йўлларида синаш автоном автомобиллар ривожи учун ўта аҳамиятли эканлигини Uber расмий ахборотида урғулаб ўтди. Компания автоном машиналар ЙТҲлар олдини олиб, миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади ҳамда жамият турмуш даражасини кўтарилишига сабаб бўлади, деб ҳисоблайди.

Аввалроқ, Uber ўз хизмати эвазига АҚШ фуқаролари яқин келажакда шахсий автомобилларидан воз кечишини башорат қилган эди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"