Украинадаги биринчи каршеринг хизмати Ravon R2 автомобилини танлади

Украинадаги биринчи каршеринг хизмати Ravon R2 автомобилини танлади

Украинада «Гетьманкар» компанияси европача намуна бўйича биринчи каршеринг  хизматини ишга туширди, деб ёзади Daryo.uz. Ушбу хизматни ташкил қилиш учун Ravon R2 автомобиллари танланди. Дастлабки 30 та Ravon R2 машиналарининг калитларини тантанали тарзда топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу каршеринг хизмати автомобиллар паркидан иборат бўлиб, улардан бирини вақтинчалик олиб туриш, ҳайдаб бўлгач, уни ўзингизга қулай жойда қолдириб кетишингиз мумкин. Автомобилни қидириш, уни очиш ва қулфлаш, хизмат учун пул тўлаш смартфон орқали амалга оширилади. Бу машинани ижарага олишдан кўра қулайроқ, чунки бунда автомобилдан ҳақиқатда фойдаланилган вақт учунгина пул тўланади.

Ravon’нинг расмий дилери бўлган «ТСМ Интер-Авто» компанияси 28 ноябрь куни «Укр-ЎзАвто» дистрибьюторлик компанияси бош директори Фарҳод Абдуллаев иштирокида «Гетьманкар» каршеринг операторига илк 30 та Ravon R2 автомобиллари калитларини топширди.

«Гетьманкар» компанияси раҳбари Тарас Гетьманский маълум қилишича, даъвогарлар ичида бошқа маркадаги автомобиллар ҳам бўлган, аммо фақат Ravon R2 бутун синовлар мажмуидан муваффақиятли тарзда ўтган. Дастлаб уларни автомобилнинг нархи ва унга хизмат кўрсатиш қиймати жалб қилган, кейинчалик ижобий жиҳатлари янада кўпроқ бўлиб чиққан. Якуний қарорга келиш учун битта Ravon R2 сотиб олинган ва унда 4 ой юриб кўришган. Уни мижозларга ижарага бериб, уларнинг фикрларини ўрганиб чиқишган. Ravon R2 уларнинг барча ишончларини оқлаган.

Тарас Гетьманскийнинг сўзларига кўра, мақбул нархи ва эксплуатация харажатлари билан бирга, автоматик узатиш қутиси ҳам Ravon R2 фойдасига ишлаган. Унинг ҳажми ҳам тирбанд шаҳар кўчаларида манёвр қилиш ва тўхташ учун тўғри келади, деди Гетьманский.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Мавзу:

#Ravon

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.