Велосипедда сайр қилиш сир-асрорларини биласизми?

Велосипедда сайр қилиш сир-асрорларини биласизми?

Оёқ чигилини ёзиш ёки бошқа мақсадда велосипед сотиб олдингиз. Агар барча қонун-қоида ва талабларга риоя қилиб велосипед минсангиз, у сизга узоқ йиллар хизмат қилади. Умуман олганда, велосипед ҳайдаш югуришдан кўра қизиқарлироқ. Тиллога тенг маслаҳатларимизни тинглашга тайёрмисиз?

Келинг, биринчи бўлиб эгарни созлаб олайлик. У шундай баландликда бўлсинки, тепки энг қуйига тушганда оёқларингиз деярли тўғри ҳолатга келсин, аммо тўлиқ ёзилмасин. Рамага кирувчи ўзак-қувурчани кўп узайтириб юборманг, унда баландлик чеклови белгилаб қўйилган.

Кўп тезликли трансмиссия, амортизацияли вилка, тормоз тизими… уларнинг ҳаммасидан оқилона фойдалансангиз, велосипедни шунча роҳатланиб минасиз.

Дами қандай?

Латифа: Фил велосипед миниб кетаётганда чумоли “мени миндириб ол”, деб илтимос қилса, “ўзи дами оз”, деб жавоб берибди.

Дарҳақиқат, кўпчилик велосипед шинасидаги ҳаво босимини, шунчаки, бармоғи билан текшириб кўради холос. Икки бармоқ орасида бир оз қисиб кўрибоқ – яхши, кетаверамиз. Бундай эмас, ўртоқ велосипедчи. Покришкасининг ёнига қараб, тегишли босим акс этган сонларни топинг. Масалан: “40-65 psi / 2.8-4.5 bar”. Ҳа, велопокришка автомобиль баллонидан кўра кучлироқ босимда дамланади, ҳайрон бўлманг. Оддий насос ёки автомобиль компрессорини улаб, дамланг ва тегишли босимга етгач, ҳайдаб кўринг. Ҳаракатланиш қанчалик енгиллашганини сезасиз. Агар тупроқ йўлда кўп юрадиган бўлсангиз, амортизация яхши бўлиши учун босимнинг паст қийматига тўғриланг, йўлингиз текис асфалтдан ўтса, кучингизни тежаш учун юқори қийматга тўғриланг. Ўз вазнингизни ҳам ҳисобга олинг, семиз бўлсангиз, покришкани ҳам “семиртиринг”.

Эгар баландлиги меъёрида бўлишига диққат қаратиш лозим. Букилган оёқлар велосипедчига ноқулайлик туғдиради.

Шина ҳақида икки оғиз гап. Ҳамёнбоп велосипедларнинг шинаси ҳам арзонлиги сизга маълум. Бундай шиналар тупроқ ерга яхши илашмайди, асфалтда бинойидек юрмайди. Агар велосипедни тез ҳайдашга одатланмоқчи бўлсангиз, биринчи бўлиб, покришкани яхшироғига алмаштиринг. Maxxis, Schwalbe, Kenda, Continental, Michelin номли брендлар бор. Тўғри, бу биринчи даражали харидлар сирасига кирмайди. Бироқ маълум ютуғингиз учун ўзингизга ўзингиз покришка совға қилсангиз бўлади, масалан, бир мартадаёқ 30 км йўл босганда ёки беш юзинчи километрни босиб ўтгандан сўнг велосипедингизни мукофотланг. 

Эгарни ўтиришга янада қулайлаштириш учун уни горизонтал ҳолатда маҳкамлаш зарур, шунда силкинганда велосипедчи орқага-олдинга силжиб кетмайди.

Узатмаларни улаймиз

Тўғри, велосипед автомобиль эмас, кўпчилик узатмаларини уламасдан юришга ўрганган. Аммо трансмиссиядан фойдаланиш керак. Агар доим битта узатмадан фойдалансангиз, аввало, битта чарх едирилиб боради, иккинчидан, нагрузка тўғри созланмаса оёқ толиқади. Энг муҳими шуки, тиззаларингиз соғлиғи тепкини айлантириш частотасига (каденс дейишади буни) боғлиқдир.

Шифокорларнинг айтишича, тепкини зўриқиб айлантиргандан кўра оз куч билан тез айлантириш бўғимларга камроқ зарар келтиради. Бир дақиқада мақбул айлантиришлар сони 80-100 мартагачадир. Аммо бу частотани сақлашга мажбурмассиз. Шундай частотани сақлаш керакки, тегишли тезликда тепкини оз куч билан айлантиринг. Оғир тепкини куч билан айлантирганда мушаклар бақувватлашиши ҳақидаги эртакни унутинг, тизза бўғимининг саломатлиги муҳимроқ.

Сиз бунчалик тез айлантиришингиз шарт эмас. Бу маҳоратли спортчиларгагина хос.

Узатмалар қандай уланади?

Бу ишни ҳаракат давомида амалга оширилади, уланиш вақтида тепкини енгил айлантириб турмоқ керак. Узатмаларни улашни бирпасда ўрганиб оласиз, орқа улагич ва занжир узоқ хизмат қилгани учун велосипедингиз сизга раҳмат айтади. Агар узатмалар аниқ уланмаса, илашмай қолса, бу улагич троси чўзилиб қолганидан далолатдир. Механизмни мустақил созланг ёки устага кўрсатинг.

Олд ва орқа чархларига оид яна бир қоидани эсдан чиқарманг: занжир қия ҳолда жойлашмасин. Масалан, олдинда кичик чарх, орқада эса катта чарх ёки тескариси – каттаси олдинда ва кичиги орқада. Олдиндаги кичик чархга фақат қийин йўлларда (масалан, адирда, қумликда) уланади. Катта чарх эса текис йўлда тез ҳаракатланиш учундир. Уларни кўтарилиш ёки тушишдан олдинроқ улаб олиш лозим. Одатий шароитда олдинда ўрта чарх, орқада эса энг четкисидан бошқа барча чархларга уласа бўлади.

Агар бунга риоя этмасангиз, занжир чўзилиб тез ишдан чиқади, чархнинг тишларидан сирғаниб кетаверади.

Занжир тўғри уланган

Занжир нотўғри уланган

Расмдан кўрсатилганидек, занжирли узатма нотўғри танланганда чарх тиши едирилади

Тормозни босинг!

Замонавий велосипедларнинг деярли барида қўл тормози бор. Чапдаги олд ғилдиракни, ўнгдаги орқа ғилдиракни тормозлайди. Тўхташда чап қўлингизни ишга солишга ўргатинг, шунда шошилинч тормозлашда қўлингиз ўз-ўзидан тормозга югуради. Орқа тормоз қўшимча холос. Олдинги ғилдирак тўхтатилса, орқа кўтарилиб кетишидан хавотирланманг, тормозланиш мобайнида бироз қаддингизни ростлаб оғирлик марказингизни орқага сурсангиз кўтарилмайди. Тинч йўлларда тўғри тормозланишни машқ қилинг ва тормозланиш йўли нақадар қисқаришига ўзингиз амин бўласиз. Бироқ қумлик, тупроқ ва ҳўл асфалтда қатнаганда ҳушёр бўлиш лозим. Бу йўлда шароитни ҳисобга олмай олд ғилдиракни тормозлаш ўмбалоқ ошиб тушиш билан ниҳоя топиши мумкин. Бундан сақланишнинг бирдан-бир йўли — машқ қилиш, албатта.

Тормозлаш дасталарининг қиялиги қуйига 45 даражада йўналсин, яъни қўлингизнинг давомидек ҳолатда бўлсин. Кўплар дастани горизонтал ҳолда созлайди, бу панжаларни оғритиб қўяди, велосипедни назорат қилишни ҳам қийинлаштиради. Ҳаракатланиш вақтида бир ё икки бармоқ тормоз дастасида бўлиши керак.

Саломат бўлинг

Велосипедчига яна нима керак? Сув! Агар сафарингиз ярим соатдан узоқ чўзиладиган бўлса, сув олишни унутманг. Бу айнан тиззангиз учун зарурлигини биласизми? Сув етишмаса тиззалар бўғими ёмон ишлайди. Мунтазам сув ичиб туринг. Ҳатто чанқамасангиз ҳам кўчада сув учраса, кам-кам ичиб юришга одатланинг. Рамага ўрнатилган идишча сув учун. Тажрибали велосипедчилар эса махсус рюкзакда клапани бор пластик трубкали сув идиш олиб юради.

Бизнинг диёрлардаги велосипедчилар шлемга кўпинча эътибор бермайди. Аммо бу жуда керакли матаҳдир. Канализация ўраси, йўлда ётган ит каби тасодифларга чап беролмай қолсангиз, қаттиқ ерга йиқилишингиз муқаррар. Бошни асранг, бошни.

Мақоламизнинг охирида йўлдаги хавфсизликка тўхталамиз. Велосипедчи пиёда эмас, велойўлак бўлмаса, тротуарда эмас, катта йўлдан юриши керак. Ёрқин кийим кийинг, “тойчоғингиз”нинг нур қайтаргичлари ҳамиша бўлсин, токи ҳайдовчи сизни кўрмай қолмасин. Агар қоронғуда юрсангиз, липилловчи қизил велофонардан фойдаланинг, у кундузи ҳам зиён келтирмайди. Велосипед олдида эса диодли фара бўлсин. У билан, ҳатто, кичик чуқурчаларни ҳам кўздан қочирмайсиз.

Чорраҳада буриладиган томонингизни қўлингиз билан кўрсатишдан уялманг, ҳайдовчилар буни билсин. Велосипедда сиз, ҳаттоки, ҳақ бўлганингизда ҳам шикаст кўришингиз мумкин, чунки йўл ҳаракатининг энг нозик иштирокчисисиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"