VIP-шахслар учун ишлаб чиқилган 12та зирхли машина

VIP-шахслар учун ишлаб чиқилган 12та зирхли машина

Техникаларнинг зирхли бўлиши фақатгина жанг майдонида асқотмайди. Шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаётига тинч вақтдаям таҳдидлар бўлиб туради. Айнан улар учун махсус автомобиллар (баъзи ҳолларда барча хоҳловчилар учун ҳам) ишлаб чиқилади. Уларнинг ҳимоя қилиш хусусиятлари қай даражада экани, таъбир жоиз бўлса, биринчи снаряд теккунча сир тутилади. Қуйида бугунги кундаги энг кўзга кўринган 12та зирхли машина ҳақида маълумот берамиз.

Packard Twin-Six Limousine – яширин зирхли автомобилларнинг энг биринчиларидан биридир. У Хитой қуруқлик ва денгиз қўшинлари генералиссимуси Чжан Цзолиннинг буюртмаси асосида 1921 йилда ишлаб чиқилган. Машинани ўша вақтда Нью Йоркда фаолият юритган Brooks-Ostruk фирмаси ясаган.

Mercedes-Benz 540 K Special Roadster – «Кўк Ғоз» – рейхсмаршал Герман Геринг буюртмаси асосида кузови ва ойналари зирхланган эксцентрик родстердир. Уни 1945 йил майида Америка армияси эгаллаб олган ва ҳозирда АҚШда.

Mercedes-Benz S-таснифидаги Guard – W116 кузовида барпо этилган ва заводнинг ўзида зирхланган илк машиналардан бири. 350 SE шассисига қурилган бу автомобилдан 100га яқин ишлаб чиқилган, холос. Унинг ойналари туширилмагани сабабли ҳавони совутиш тизими жуда кучли.

Mercedes-Maybach Pullman S600 Guard – VR9 таснифи бўйича ҳимоя қилинган бўлиб, унинг ойнаси ҳам 7.62 калибрли автоматик қуролдан узилган ўқларга ҳамда 15 кг тротил кучига тенг бўлган ва 2 метр узоқликда содир этилган портлашга бардош бера олади. Машина нархи 1,4 миллион евро туради.

BMW 760 Li Security – BMW компанияси томонидан ишлаб чиқилган энг зирхли машина ҳисобланади. BMW 760 Li Security F03 кузовига эга. Ҳимоя таснифи – VR7 бўлиб, унга босими паст ҳолда 50 кмгача ҳаракатланиш имконини берувчи Michelin PAX шиналари ўрнатилган.

Audi A8 Security – Германия автомобилсозлигининг машҳур учлигидан бири ишлаб чиққан машина. У Audi брендининг энг яхши зирхли намунаси ҳисобланади. Ҳимояси VR9 ва ERV 2010 стандартларига мос келади. Ушбу моделни W12 (500 от кучи) ёки 4.0 TFSI (435 от кучи) моторлари билан буюртма бериш мумкин.

Range Rover Sentinel – заводда зирхланган автомобилларнинг яна бир намунаси. Уни заводнинг SVO шўъба корхонаси ишлаб чиққан. Машина зирхи иккита DM51 гранатаси ва 7.62 мм калибрли ўққа бардош беради. Ҳимоя таснифи – VR8, бу йўлтанламаслар учун унчалик ҳам ёмон натижа эмас. Sentinel 400 минг евро атрофида баҳоланган.

INKAS Mercedes-AMG G63. Айтиш жоизки, INKAS компанияси серияли автомобиллар негизида махсус машиналар ишлаб чиқариш борасида катта тажрибага эга. У, шунингдек, инкассаторлар, полиция ва бошқа хизматлар учун зирхли автомобиллар етказиб беради. Фирманинг ажойиб лойиҳасидан бири – Mercedes-AMG G63 негизида барпо этилган лимузиндир. У иккита DM51 гранатаси ва 7.62 ммли ўқларга бемалол дош беради.

Dartz Prombron – эксклюзив йўлтанламас ҳисобланади. Уни яширин зирхланган автомобиллар қаторига қўшиб бўлмайди, аслида. Бироқ улар GM компаниясига тегишли ўта кучли (8,1 литр ҳажмли бензин ёки 6,6-литрли турбодизель) моторларга, В7 ҳимоя таснифига мос келувчи 10 см қалинликдаги ойналарга эга.

ЗиС-115 – собиқ иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқилган биринчи зирхли автомобиль. Уни ғилдиракларига ўрнатилган қалпоқчалари ва бамперининг марказидаги ёритқичдан билиб олиш мумкин бўлган. Шу каби машинада Иосиф Сталин ҳаракатланган.

ЗиЛ-41052 – айтиш мумкинки, Советлар мамлакатининг энг сўнгги зирхли машиналаридан биридир. Ундан атиги 13 дона ишлаб чиқилган. Узунлиги 6 метр бўлган 5,5 тонналик лимузин 315 от кучига эга V8 мотор ёрдамида ҳаракатланган. Зирхининг қалинлиги 4 см.ли пластиналардан иборат бўлган. Махсус «Гранит» шиналари ва уч босқичли автоматик узатмалар қутиси билан жиҳозланган.

Cadillac «The Beast» – янги «Махлуқ» АҚШ президенти Дональд Трампнинг инаугурациясида намойиш этилиши керак эди. Бироқ GM концерни энг кучли ҳимояланган автомобиль тақдимотини ортга сурди. Бунга сабаб сифатида қўшимча синовлар кўрсатилмоқда. Таъкидлаш керак, Cadillac «The Beast» кўрсаткичлари хусусида ишончли маълумотлар мавжуд эмас. Аммо, унинг вазни 8 тоннага яқинлиги, капоти остига турбодизель двигатели ўрнатилгани, энг юқори тезлиги соатига 100 км. билан чеклангани аниқ. Машина GM концерни юк машинаси шассисида ишлаб чиқилади.

Манба: Kun.uz

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.