Volkswagen Эронга қайтмоқда

Volkswagen Эронга қайтмоқда

Peugeotнинг ортидан немис автомобилсозлик компанияси Эронга қайтишни кўзламоқда. Volkswagen шу кунларда Эроннинг Mammut Khodro компанияси билан шартнома имзолади. Унда форс давлатига Tiguan ва Passat русумлари етказиб бериш кўзда тутилган. Эрон ҳукумати мамлакатда йилига 3 млн янги автомобиль сотилишини чамалаяпти.

Volkswagen форслар давлатига биринчи марта машҳур “Жук”и билан 50-йилларда кириб келган, 60-йиллардан Bulli минивэнини жўната бошлаган. 2014 йилдан бери эса Эронга Хитой автоконцернлари машина жўнатмоқда.

Эронга санкциялар қўлланишидан олдин французларнинг Renault ва Peugeot (PSA Group) компаниялари форс автосаноатида мавқега эга эди. Улар Эронга бутловчи қисмларни жўнатган, Iran Khodro, Saipa ва бошқа автокорхоналарда эса улар автомобиль кўринишини олган.

Эроннинг 80 млн аҳолиси автомобиль савдосини қизитиши мумкин. Қолаверса, аҳоли орасида ўрта синф ҳиссаси ортиб бормоқда. Бундан ташқари, исботланган нефть захираси бўйича Эрон жаҳонда тўртинчи, газ бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. BMI Researchнинг башоратига кўра, Эронда 2022 йилгача автомобиль ишлаб чиқариш йилига ўртача 11 фоиздан ошиб боради.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"