Volvo’даги ўзбек мутахассиси: «Электромобиллар – автосаноатнинг янги давридир»

Volvo’даги ўзбек мутахассиси: «Электромобиллар – автосаноатнинг янги давридир»

«Kommersant.uz» Volvo Group корпорацияси молиявий мутахассиси Шерзод Жалиловнинг Ўзбекистонда электромобилларни ҳамда европача иш юритишни жорий этиш ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

Шерзод Жалилов Самарқандда туғилган, Тошкент молия институтининг Молия-иқтисодиёт факультетини ва Вроцлав давлат университетининг (Польша) Иқтисодиёт факультети магистратурасини аъло баҳоларга тамомлаган. Ўзбекистонда УзБАТ компанияси молия бўлими мутахассиси ва Artel компаниясида таъминот бўйича менежер сифатида ишлаган.

– Ҳозирда Вроцлав шаҳрида яшайман. Volvo Group’нинг Польша бўлинмасида молиявий назорат бўлими мутахассиси лавозимида ишлайман. Қўшимча равишда Volvo Production System’да фасилитаторлик қиламан. Ишим ишлаб чиқариш жараёнини статистик маълумотлар асосида мониторинг ва назорат қилиш, таҳлил ва молиявий ҳисоботлар тайёрлаш, етказиб берилган товар учун тўлов ўз вақтида ўтказилишини кузатишдан иборат. Шунингдек, асосан Бельгия ва Швеция бўйича молиявий масалаларни ҳал қиламан. Дарвоқе, компаниянинг бош қароргоҳи Швецияда жойлашган – Гётеборг шаҳрида. Volvo’нинг бошқа мамлакатлардаги бўлинмаларига ишлаб чиқаришнинг ва умуман компаниянинг иқтисодий ҳаётини муҳокама қилиш учун тез-тез бориб тураман.

Чет элларга бизнес-сафарлар компаниянинг барча бўлинмаларидаги ноёб мутахассислар билан танишиш, дунёқарашни кенгайтириш ва янги ғоялар яратишга кўмак беради. Октябрь охирларида Кортрейк (Бельгия)га бордим – у ерда ўтган Busworld—2017 кўргазмасида компаниямиз янги моделларни тақдим этди.

– Volvo’га ишга киришингиз қандай бўлганди?

– Болалигимдан илм-фан ва технологиялар уйғунлиги тараққиётнинг асосий катализатори эканлигини тушунгандим. Дунёни ўзгартиришга ўз ҳиссамни қўша олишимда ёрдам бера оладиган компанияни излардим. Volvo Group – электромобиллар ишлаб чиқиш жараёнига бош қўшган бир неча компаниялардан биридир. Бу автосаноатнинг янги даври бошланишидир. Шу сабабли Вроцлав университети талабаси эканимдаёқ молиявий назорат бўлими кичик мутахассиси лавозимига резюме топшириб қўйгандим.

– Саралашдан ўтиш қийин бўлмадими?

– Саралаш уч босқичда ўтказилди: резюме, тажриба ва билимлар, суҳбат. Биринчи икки босқич – стандарт таомил. Асосий эътибор учинчи босқичга қаратилади, унда комиссия номзоднинг шахсиятини аниқлайди. Дунёга ўзгача қараш сизнинг фойдангизга ишлайди. Бўлим менежерининг сўзларига кўра, бир ўринга 100 дан зиёд номзодлар тўғри келган. Бизни жамоага қабул қилишди ва молиявий жараёнларни ўрганиб Польшада татбиқ этиш учун, дарҳол Шимолий Каролинага (АҚШ) юборишди. Дастурнинг муваффақиятли якунланиши компаниядаги мавқейимизни мустаҳкамлади.

– Компания қандай шароитлар яратади?

– Йил давомида бонуслар бериб борилади. Ижтимоий пакетга бепул тиббий текширув, спорт муассасаларига, кинотеатрларга ташрифлар киради.

Иш куни саккиз соатдан ошмайди. Бундан кейин инсон концентрациясини йўқотади, деб ҳисобланади. Мия чарчайди ва уйга бориши керак бўлади.

Фика маданияти билан танишиш манзур бўлди. Бу – шведлар маданиятига хос одат: ишни, иш ҳақидаги барча гап-сўзларни ва ўй-фикрларни четга суриб, ҳамма биргаликда қаҳва ичгани боради. Фика мия тўқималарини тозалайди, шундан кейин ишга соғлом ақл билан қайта киришиш мумкин бўлади.

– Volvo’да ишлаш сизга нима берди?

– Volvo’да бирор сония бўлмадики, мен ўзимни моҳият ва мақсадга тушунмай, келиб ишини қилиб кетадиган одамдек ҳис қилган бўлсам. Аксинча, компания менинг ўрним нақадар аҳамиятли эканлигини англатиб туради. Ҳар гал янги электромобиллар чиқарганимизда ва бу билан Европа транспорт қиёфасини ўзгартираётганимизда, дунёни яхшироқ қилаётганимизда мен буни яққолроқ ҳис этаман. Яқинда шаҳарда очилган кўргазмада Tesla автомобилларининг тест-драйви ўтказилди. У ерда кўрганларим бу йўналишдаги лойиҳаларимиз устида янада руҳланиб ишлашга ундади.

– Европада электромобиллар қанчалик кенг тарқалган?

– «Европа 2020» стратегияси қабул қилингач, Евроиттифоқ транспорт тизими буткул ўзгармоқда. Европа бўйлаб сайр қиларканман, электромобиллар анъанавий автомобилларни қанчалик тез сиқиб чиқараётганлигини кузатаман. Tesla автомобиллари, Volvo электр автобуслари одат тусига кирди. Биз, масалан, Бельгия, Швеция, Норвегия, Люксембургга электр автобуслар етказиш ҳажмини кенгайтирдик. Гётеборгда ElectriCity лойиҳасини ташкил этдик – у шаҳарни тўлиқ электромобиллар билан таъминлашни кўзда тутади. Volvo Car компанияси 2019 йилдан бошлаб тўлиқ электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтади. Дунё жуда тез ўзгармоқда, бугунги инновациялар тез орада эскирган маҳсулотга айланади.

– Электромобилларни Ўзбекистонда қўллаш ғоясига қандай қарайсиз?

– Фикримча, жаҳон автогигантлари ёқилғили машиналар ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечадиган кунларга оз қолди. Шу сабабли, мамлакатимиз ҳозирданоқ электромобилларни жорий этиш учун шароитлар яратиш борасида ўйлаши керак. Кичик синов шаҳар-лойиҳалардан бошлаш ва уларни электр-шаҳарларга айлантириш, қуёш батареяларидаги электр зарядлаш қурилмалари ва электрда юрувчи жамоат транспортлари билан таъминлаш мақсадга мувофиқ бўларди. Албатта, бундай лойиҳалар муайян қийинчиликларга эга, йирик инвестицияларсиз иш битмайди.

– Volvo тажрибасининг қай жиҳатларини Ўзбекистонда қўллаш мумкин?

– Бу ерда «бошлиқ» ва «бўйсунувчи» деган тушунчалар йўқ. Менежер ғоялар тўпланиши учун муҳитни яратади, холос. Уларни амалга оширишда лавозимидан қатъи назар барча қатнашади. Бундай муҳитда ноёб ғоялар яратиш истаги ўз-ўзидан ўсади ва инсон кундан-кунга такомиллашиб боради.

Фикримча, бундай шароитларни Ўзбекистондаги компанияларда яратиш ижобий натижалар келтиради ва ходимларга катта таъсир кўрсатади. Компаниянинг дунёдаги мавқеи унда ҳукм сурувчи руҳиятга кўп жиҳатдан боғлиқ, деб ўйлайман.

– Ўзбекистонга қайтиб, бу ерда ишлаш ёки ўз лойиҳангизни юритиш режада борми?

– Албатта. Кунлар жуда қизғин ўтишига қарамай, Ўзбекистонни соғинаман. Миллий таомларимиз ва… қуёшимиз етишмайди.

Юртга қайтгач, Volvo’да олган тажрибамни татбиқ этиб, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишни истардим. Ғояларни тўплаш учун қулай муҳит яратиш компанияларга фикр юритишнинг янги босқичига чиқиш имконини беради ва жаҳон майдонида илгарилашга хизмат қилади. Лекин бу ягона мақсад эмас. Асосий мақсад – инновацияларни жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.