Хавфсизлик камари тўғрисида икки оғиз

Хавфсизлик камари тўғрисида икки оғиз

Жўнгина, аммо вазифаси ўта муҳим бўлган бу мосламанинг пайдо бўлганига ҳам юз йилдан ошди. Қизиғи шундаки, хавфсизлик камари, дастлаб, автомобиллар учун яратилмаган. Бу камарни 1800 йилларда энтузиаст-конструкторлар осмонга учиш аппаратларига жойлаш режасини тузишган эди. Орадан бир аср ўтиб 1913 йилда француз Адольф Пегу аэропланда “ўлик сиртмоқ”ни ижро этиш пайти ўзини камар билан ўриндиққа маҳкамлади.

ХХ аср бошида автомобилларга хавфсизлик камарини тақиш режаси инженерлар хаёлига ҳам келмаган. Тезлик паст, машиналар сийрак, табиийки, йўл-транспорт ҳодисалари ҳам кам рўй бергач, унга эҳтиёж йўқ ҳисоб эди. 30-йилларнинг иккинчи ярмига келиб юқори тезликда юриладиган автотрассалар қурила бошлангач, хавфсизлик воситасига эҳтиёж сезилди.

Дастлабки камарлар 50-йилларда Америкада Форд автомобилларига ўрнатила бошланди. Булар самолёт йўловчилари ўриндиғидагига ўхшаш икки қаторли камарлар эди.

50-йилларнинг иккинчи ярмида Швецияда яратилган уч қаторли камарлар самаралироқ бўлиб чиқди. Замонавий автомобилни бу камарсиз тасаввур этиш қийин.

“Ҳўл асфальт йўлда 170 км/соат тезликда кетаётиб, бурилишда йўлдан чиқиб кетдим ва четдаги ариққа бориб тушдим. Камар тақмаганимда – билмадим, нима рўй берарди, қаерда бўлар эдим, балки ён ойнадан, балки олд ойнадан учиб кетган бўлардим, аммо камар мени тутиб қолди”, деб ҳикоя қилади автопойгачи Дмитрий Соколов.

Автопойгачилар махсус беш қаторли камар тақади. Оддий ҳайдовчи учун бундай камар ғирт ортиқча ташвиш. Уни таққач, бардачокка ҳам қўл узатиш машаққат. Аммо рисоладаги ҳайдовчи рулга ўтиргач, доимо камар тақиши лозим, буни ҳамма яхши англаши шарт.

 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"