Xiaopeng Motors компаниясидан яна бир электрли кроссовер

Xiaopeng Motors компаниясидан яна бир электрли кроссовер

Хитойда Xiaopeng Motors (XPeng) компанияси ташкил этилганлигига кўп бўлмади. Аммо бу компания XPeng Beta номли электрли кроссовер яратишга улгурди.

Ченду шаҳрида жойлашган ёш компания илгари автомобилсозлик билан шуғулланмаган мутахассисларни тўплади. Жамоа биргаликда XPeng Beta кроссоверини яратди, бироқ мустақил тарзда ишлаб чиқаришга қурби етмади. Ҳозир улар лойиҳани қўллайдиган автокомпанияни қидирмоқда.

XPeng Betaни олд ёки тўла узатма билан ишлаб чиқариш мумкин. Кроссоверга Samsung батареялари блоки ўрнатилади. Тўла заряд билан машина 300 км йўл босади. Юз км/соат тезликка олд узатмали версия 7,9 сонияда, тўла узатмалиси эса 5,8 сонияда эришади. Лойиҳа муаллифлари йилига 20 минг кроссовер ишлаб чиқариб, фойда кўриш мумкинлигига ваъда беряпти.

Электрокроссовернинг ўзини ўзи парковкалаш функцияси бор. Машинани мобиль телефон ёрдамида зинайўлак (подъезд) олдига чақириш мумкин. Бошқа хусусиятларидан яккатезлик (круиз-контроль), ҳайдовчи шахсини идентификациялаб олиб қочишдан ҳимояловчи салон камераси, барча функцияларни бошқариш мумкин бўлган марказий панелдаги 15,6 дюймли монитор, томидаги HD камераларни санаш мумкин.

Прототипнинг дебюти шу йилнинг ноябр ойида Ченду шаҳрида ўтказилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"