Хитой: Кроссоверингизнинг йиғилишини ўзингиз кузатиб турасиз

Хитой: Кроссоверингизнинг йиғилишини ўзингиз кузатиб турасиз

Хитой бозорига Nio ES8 электрли кроссовери чиқди. У Tesla Model Xнинг рақобатчиси дея баҳоланмоқда.

Nio компанияси ва унинг ҳамкори JAC “Тесла”дан кам бўлмаган машинани ясашнинг уддасидан чиқди. Уни, ҳаттоки, Америка автомобилидан афзалроқ дейиш мумкин, чунки нархи арзонроқ. Nio ES8нинг энг қиммат версияси ҳам Tesla Model Xнинг энг камтарона версиядан анча арзонроқдир. Бундан ташқари, хитойлар бир қанча инновацион техник янгиликлар киритган бўлиб, унақаси ҳали бошқа заводда ишлаб чиқарилгани йўқ.

Nio ES8 кроссовери анча баҳайбат кўринишда, узунлиги 5, ғилдираклар базаси 3 метр. Кузави алюминийдан ишланган, етти йўловчини сиғдиради.

Аккумуляторини зарядлаш терминалида эмас, хонадон розеткасида бемалол қувватлаш мумкин. Дарвоқе, батареяларини тўлалигича алмаштириш қийин иш эмас. Бунинг учун оддий гаражга ўхшаш станция етарли. Кроссовер гаражга киргач, қўзғатилмайдиган ҳолатга келтирилади ва соб бўлган батарея ечиб, янгиси ўрнатилади. Уч дақиқали бу иш инсон қўли иштирокисиз бажарилади.

Қолаверса, Хитой инженерлари электрли фургонни эслатувчи зарядлаш станцияларини таклиф қилмоқда. У автомобиль турган жойга етиб боради ва олти дақиқада электромобилни юз км йўл юришга етарли даражада зарядлаб беради. Ҳозирча мобиль зарядлаш станциялари камчил, бироқ Nio компанияси уларни Хитой бўйлаб тарқатмоқчи.

Машина Nio Pilot автоном бошқарув тизими билан жиҳозланган, ҳайдовчи NOMI номли интеллектуал ёрдамчига эга. NOMI фаоллаштирилганда олд панелда юмалоқ кўзли электрон дастёр чиқади ва овозли буйруқларни бажара бошлайди. У йўловчиларни кузатиш, об-ҳавони айтиш, радиостанцияни созлаш, мусиқани ёқиш ва машинанинг бошқа тизимларини назорат қилишни уддалайди.

Кроссовернинг ҳар бир ўқида икки электромотор бўлиб, жами қуввати 653 от кучига тенг. Электромобиль 4,4 сонияда юз тезликка эришади. Тўла заряди 335 км йўл босишга етади, аммо тежамкор режимга ўтиб олса, 60 км/соат тезликда 500 км йўл босиб ўтади.

Буюртмачига ғаройиб опция тақдим этилади. У буюртма қилинган ўз машинаси йиғилишини махсус мобиль илова ёрдамида кузатиб туриши мумкин.

Ҳозирча, электрли кроссоверга талаб оз, бироқ келаси йилдан хитойлар Nio-JAC заводида йилига юз минг автомобиль йиғишни режалаштирмоқда. Катта кроссовердан ташқари кичиги ҳам ишлаб чиқарилади.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"