Салом, робот: Хитойда автомобилларни робот рўйхатга олади

Салом, робот: Хитойда автомобилларни робот рўйхатга олади

Хитойнинг йирик телекоммуникацион компанияларидан бири тез орада мамлакатда янгича тартибдаги полиция участкаси иш бошлашини билдирди. Ажабланарлиси – унда полициячи ва бошқа ходимлар бўлмайди.

Ухан шаҳрининг йўл ҳаракати бошқармаси ва Tencent IT-корпорацияси биргаликда тўлалигича сунъий интеллект бошқарадиган полиция участкасини ташкил этмоқчи. Офис ичида тирик жон бўлмайди, барча ишлар компьютер зиммасига юкланади.

Автоматлаштирилган рўйхатга олиш ва имтиҳон қабул қилиш бўлимида ҳайдовчиларга тегишли барча хизматлар кўрсатилади. Машинани рўйхатга қўйиш, давлат рақами ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ва муддатини чўзиш, машина олиб қочилгани ҳақида маълум қилиш, ҳужжатларни йўқотганлигини билдириш каби барча арз-ҳолларни роботлар тинглайди. Бундан ташқари “ақлли бўлим”да барча симулятор-тренажерлар бўлиб, истовчилар автомобиль ҳайдашни машқ қила олади.

Офис роботлари мижозларнинг юз кўринишини сканерлаш орқали идентификациялайди. Автоматлаштирилган полиция бўлинмаси 24/7 режимида фаолият юритади. Дарҳақиқат, роботга дам олишнинг нима ҳожати бор?

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"