Хитойда давлат ва хусусий корхоналар рекорд муддатда “халқ машинаси” тайёрлади

Хитойда давлат ва хусусий корхоналар рекорд муддатда “халқ машинаси” тайёрлади

Яқин кунларда Хитой машина бозорига чиқадиган Sitech DEV1 электрли хэтчбеки бир ярим йил – рекорд муддат ичида ишлаб чиқилди.

Sitech фирмаси вужудга келганига икки йил бўлгани йўқ, аммо биринчи машинасини тақдим этишга ҳозирлик кўрмоқда. Хитой саноатчиларининг тезлигига қойил қолмай иложи йўқ. Тўғри, фирма йўқдан пайдо бўлмади, у Guian New District Development and Investment давлат корхонасига қарашлидир. Техник кўмакни FAW автоконцерни зиммасига олди, шунингдек, хусусий инвесторлар ҳам жалб этилди. Натижа арзигулик – 18 ой ичида янги электромобиль тайёрланди.

Sitech фирмаси Гуйян шаҳрида жойлашган бўлиб, у ерда Apple, Huawei, Tencent каби технологик гигантлар макон топган. Sitech DEV1 номи Data Electric Vehicle 1 деб изоҳланади, яъни бу оддий электромобиль эмас, “ғилдиракли маълумотлар маркази”дир.

Sitech DEV1 электромобилига тўрт киши жойлашади. Узунлиги 3 735, кенглиги 1 655, баландлиги 1 550 мм. Литий-ионли батареясининг сиғими 35 кВт∙соат. 75 от кучига эга мотор ҳаракатлантиради. Тўла зарядланган батарея билан 350 км босиб ўтиш мумкин. 40 дақиқада 200 кмга етувчи қувват олса бўлади. Электромобиль 50 км/соат тезликка эришиши учун атиги 4,8 сония вақт керак.

Номи бежиз берилмаган: машина ҳайдовчи ва йўловчиларнинг юзини танийди, уларга қандай мусиқа ва радиоканаллар ёқишини эслаб қолади, энг кўп юриладиган йўналишларни кўрсатади.

Sitech маркасининг яна бир ғаройиб томони, ҳаттоки, дилерлик тармоғи бўлмаслигидир. Машина худди бир техник қурилма каби савдо марказида сотилади! Унинг нархи 100 минг юан ( 15 800 доллар) бўлиши кутилмоқда. Қимматроқ, тўғрими? Аммо хитойликларнинг “халқ автомобили” деган номига сазовор.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"