Хитойлик механик сув тошқинидан қутқарувчи машина-амфибия ясади (видео)

Хитойлик механик сув тошқинидан қутқарувчи машина-амфибия ясади (видео)

Шароит одамни ихтирочига айлантиради. Хитой фуқароси Жионг Жиан ўзининг гаражида машина-амфибия ясади. Ruptly TV тарқатган видеода эски машина сувга аста кириб сузиб кетгани акс этган.

Қўлбола амфибия ижодкори Хитойнинг марказий қисмида, дарё бўйида яшайди. У ерда ёмғирлар мавсумида сув тез-тез тошиб туради. Жионг Жиан 20 йил механик бўлиб ишлаган. Қайиқ-машинани ясаш учун эса бир йил уринди.

Жиан қайиқ-машинани синаш вақтида двигателига кўпинча сув кириб кетганини гапириб берди. Шундан сўнг у двигателни амфибиянинг орқа қисмига кўчирган. Двигатель орқа ўриндиқнинг ўрнида юкхонанинг бир қисмини эгаллаб турибди.

Амфибия эскирган минивэн асосида тайёрланган. Жианнинг айтишича, унга тўрт киши жойлашиши ва 32 км/соат тезликда ҳаракатланиши мумкин. Машина бемалол бошқарилади, орқага ҳам юради, йўғе, сузади.

Жиан энди амфибиянинг шовқиндан ҳимоясини оширмоқчи ва тезлигини 40 км/соатгача чиқармоқчи.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"