Хитойликлар олтита мотори бор гибрид суперкарни кўрсатди

Хитойликлар олтита мотори бор гибрид суперкарни кўрсатди

Хитойнинг Techrules компанияси Швейцарияга олтита мотори бор дизель-электрли суперкарни олиб келиб, барчани ҳайратга солди. Микротурбогенераторли Ren русумининг қуввати 1300 от кучидан ортади.

Фирма Ren суперкарининг икки, тўрт ёки олти моторли турларини таклиф этади. Энг кучли версиясининг орқа ғилдиракларида иккитадан, олд ғилдиракларида эса биттадан электромотори бор.

1630 кг вазнга эга электромобиль 2,5 сониядаёқ юз тезликка чиқади. Энг юқори тезлиги соатига 320 км. Бакидаги 80 литр ёнилғиси билан 1170 км масофани босиб ўтади. Электр заряди 200 кмга етади.

Монококи карбондан, тормоз механизми ҳам карбон-керамикали материалдан ишланган.

Techrulesнинг айтишича, патентланган TREV гибрид тизими билан йўл захирасини 2 минг кмгача етказиш мумкин. Тезкор зарядлаш усулидан фойдаланганда аккумуляторнинг 80 фоизи 15 дақиқага қолмасдан “тўяди”. Батарея ресурси 100 минг циклга ҳисоб-китоб қилинган.

Харидорнинг буюртмасига қараб машина ичида фақатгина ҳайдовчи ўриндиғи ёки яна иккита ўриндиқли версиясини тайёрлаб берилади. Ўриндиқлар учбурчак ҳолатда жойлашади.

Ўриндиқларнинг бошқўйгичига динамик ва микрофонлар бириктирилган. Чўнтаги бақувват мижозлар учун видеоалоқа тизими ҳам ўрнатиб берилиши мумкин. Машина интерьерига чарм ва жинси матоси қопланган.

Techrules Ren электромобилини ишлаб чиқариш келаси йилдан бошланади. Машина Италияда қўлда йиғилади. (Ғарбнинг кўплаб бренд автомобилларининг Хитойда йиғилиши оддий ҳол, аммо Хитой фирмасининг автомобили Италияда йиғилиши ғаройиб ҳолат).

Фирма ҳаммаси бўлиб 96 нусха тайёрламоқчи, аммо йилига ўнтадан ортиқ чиқармайди. Нархи ҳам айтилмади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"