Хитойликлар “Титан” номли электрли спорт автомобили яратди

Хитойликлар “Титан” номли электрли спорт автомобили яратди

Гуанчжоудаги тюнинг кўргазмасида Хитойда кам танилган Windbooster фирмаси Titan номли электрли спорт автомобилини намойиш қилди.

Электромобиль ясалишида титан металлидан кўп фойдаланилганлиги туфайли номи ҳам “Титан”дир. Автомобилга литий-ионли иккита Panasonic батареяси жойлаштирилган бўлиб, ҳар бири алоҳида электромоторга қувват узатади. Иккала электромоторнинг тўла қуввати 500 от кучига тенг (айлантириш моменти 1000 Н∙м).

3,9 сонияда юз тезликка етишади. 5,9 сонияда эса икки юзни уриб қўяди. Энг юқори тезлиги 260 км/соат. Windbooster Titan узунлиги 4500 мм, эни 1950 мм, ғилдираклар базаси 2650 мм, яъни Audi R8дан сал кенгроқ. Тўла зарядланган машина 400 км йўл босади. 220 вольтли оддий розеткадан етти соатда, махсус зарядлаш станциясидан эса ярим соатда зарядланади.

Бошқа афзалликларидан рақамли ускуналар панели, ростланувчи осмаси (подвеска), спортчиларбоп Recaro ўриндиқлари ҳамда тепага ва ёнга очилувчи эшикларини айтиб ўтиш мумкин. Windbooster Titan давомли ишлаб чиқариладими-йўқми – бу ҳақда айтилмади. Аммо буюртма берилса оз миқдорда ишлаб чиқарилишига фирма вакиллари шама қилишди. Келажакда Windbooster Titan лойиҳаси давом этади ва янада такомиллаштирилади.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"