Хитойнинг Chery компанияси энди европача автомобиль чиқармоқчи

Хитойнинг Chery компанияси энди европача автомобиль чиқармоқчи

12 сентябр куни Cheryга қарашли янги кроссовернинг тақдимоти ўтказилиши кутилмоқда. Унга Chery Tiggo 9 номи қўйилиши мумкин.

Аммо хитойликлар Tiggo 9 номини тилга олмасдан, ҳозирча, фақат заводдаги кодли М31Т номи билан атамоқда. Машинанинг қиёфаси ҳам сир. Аммо эскизларига қараб, кроссовер Cheryнинг фирмача услубида ясалишини билиб олиш қийинмас.

Бундан ташқари, хитойликлар янги кроссовер европалик харидорлар таъбига мослаб чиқарилаётганлигига ишора қилди. Улар машина билан Франкфурт автосалонида танишади. Кроссоверни Европага етказиб бериш эса келаси йилнинг ўрталаридан бошланади.

Янги кроссовер русумлар қаторида Chery Tiggo 7нинг юқорисидан жой олади. Салони етти ўринли. 145, 190 ва 217 от кучига эга версиялари ҳам бўлади.

Салони икки тусда товланишини алоҳида таъкидлаш лозим, бундан ташқари рақамли асбоблар панели ҳамда 9 дюймли мултимедиа тизими мавжуд. Хитойликлар салонга европача сифатли материал қоплашни ваъда қилмоқда.

Chery компанияси Европа бозорини забт этишга қатъий қарор қилган, янги кроссовер эса кўҳна қитъага учириладиган биринчи қалдирғоч бўлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"