Хоразмда автобус ва микроавтобусларда электрон тўлов жорий этилди

Хоразмда автобус ва микроавтобусларда электрон тўлов жорий этилди

Хоразм вилоятидаги «Янгиариқ транс» МЧЖ ўз автобус ва микроавтобусларида Kakadu Pay System МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган онлайн тўлов тизимини жорий этди. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади Daryo.uz.

«Какаду» номли мазкур тўлов тизими мобил дастур кўринишида бўлиб, мижозга йўлкира ҳақини ўзининг шахсий смартфони орқали тўлаш имконини беради.

Kakadu Pay System МЧЖ дастури илк бор 2017 йилнинг апрель ойи бошида синов тариқасида Урганч шаҳридаги «Мусо Авто» МЧЖнинг йўналишсиз таксиларига ўрнатилган эди. Синов муваффақиятли ўтгач, онлайн тўлов тизими «Янгиариқ транс» МЧЖга тегишли Isuzu русумли автобуслар ҳамда «Фотон» ва «Газель» русумли микроавтобусларда жорий қилинди.

Онлайн тўлов тизимидан фойдаланиш жуда осон бўлиб, мижозлар пластик карталарини рўйхатдан ўтказиб, дастурни смартфонларига юклаб олса, кифоя.

Мазкур тизимнинг қулайлиги шундаки, унга уланиш учун фирмалардан ҳеч қандай ускуна сотиб олиш ва бошқа харажатлар талаб этилмайди, барчаси мобил дастур ёрдамида амалга оширилади. Мижозлар ҳисобидан ечиб олинган пуллар, яъни хизмат ҳақи тўғридан тўғри автокорхонанинг банк ҳисобрақамига келиб тушади ва мижознинг мобил телефонига тўлов амалга оширилгани ҳақида шу заҳоти SMS-хабар келади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.