Хотинининг розилигисиз машинани сотиш натижасида харидорга етказилган зарарни ким тўлайди?

Хотинининг розилигисиз машинани сотиш натижасида харидорга етказилган зарарни ким тўлайди?

Савол: Нотариус автомашинани олди-сотди шартномасини тасдиқлаганда, сотувчининг хотинининг розилигисиз тасдиқлаб берган. Натижада сотувчининг хотини суд орқали даъво ариза берган. Сотилган автомашина устидан нотариал ҳаракатлар олиб борилишига таъқиқ солинган. Натижада автомашинани олувчи машинадан эркин фойдалана олмаган. Ижара, гаров, олди-сотди шартномаларни тузишда ўзи хоҳламаган ҳолда ҳуқуқи чеклаб қўйилган ҳолатда моддий ва маънавий зарарни ундириш тартиби қандай?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига eтказилган зарар, шунингдек юридик шахсга eтказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
1017-модданинг 1-бандига кўра, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) конструктив, рецептуравий ёки бошқа нуқсонлари оқибатида, шунингдек товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот нотўғри ёки етарли эмаслиги оқибатида фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ёхуд юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарар сотувчи ёки тайёрловчи (ижрочи) томонидан, уларнинг айбидан ва жабрланувчи улар билан шартнома муносабатларида бўлгани ёки бўлмаганидан қатъи назар, қопланиши лозим.
Мазкур ҳолатда, нотариус идораси хизмат кўрсатувчи, яъни ҳужжатларни тайёрлаб, тасдиқловчи ижрочи томон ҳисобланади. Фирманинг айби бўлиши бўлмаслигидан (фирмадаги бир ходимнинг ноқонуний ҳаракати туфайли бўлиши мумкин), ишнинг (хизматнинг) нуқсони оқибатида етказилган зарарни ишни бажарган ёки хизматни кўрсатган шахс (ижрочи), мазкур ҳолатда нотариус идораси) томонидан қопланиши лозим (1018-модданинг 2-3-бандлари).
1021-моддага кўра, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади. Маънавий зарар пул билан қопланади (1022-модда).
Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим. Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади.
Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади.
Демак, сизнинг айбингиз бўлмаган ҳолда сизга шартнома муносабатларида нотариал хизматни кўрсатувчи идора томонидан зарар етказилган. Сиз мазкур идорадан автомашинадан эркин фойдалана олмаётганингиз натижасида сизга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўраб, мазкур идора жойлашган туман фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз лозим.
Етказилган моддий зарарни ҳисоблашда, автомашинадан фойдаланишга қўйилган чеклов туфайли бошқа транспорт воситаларидан ўзингиз ва оилангизнинг фойдаланиши учун кетган харажатлар кунлик ҳисобини мазкур чеклов ўрнатилган кундан бошлаб ўтган кунларга кўпайтирасиз. Бундан ташқари, автомашинадан фойдалана олмаганингиз туфайли сиз ундиришингиз мумкин бўлган ижара ёки иш ҳақи, бизнес даромади каби бой берилган фойда миқдорини ҳам ўтган кунлар сонига кўпайтирасиз. Маънавий зарарни ҳисоблашда, автомашинадан фойдалана олмаганлик туфайли сизга, оилангизга етказилган ташвиш ҳамда жамиятда сизнинг обрўйингизга етказилган салбий таъсирни ўзингиз маълум бир сумма миқдорида белгилайсиз. Маънавий зарарнинг даъвоси учун қонунчиликда чегара қўйилмаган.
Мазкур нотариус идораси эса, агар судда ўзининг айбсизлигини исботлаган тақдирда ёки айнан бир ходимнинг айби туфайли етказилган тақдирда, Фуқаролик кодексининг 1001-моддага кўра, сизга тўлаган зарар миқдорини айбдор шахслардан регресс ҳуқуқига асосида ундириб олади.
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.