Худди ҳазил учун ясалгандек тасаввур уйғотувчи етти автомобиль

Худди ҳазил учун ясалгандек тасаввур уйғотувчи етти автомобиль

Бу рўйхатдаги автомобиллар расмини кўргач, “Ҳазилга ҳам шунча гапми?” деган фикр беихтиёр бошдан ўтади. Бироқ  улар майнавозчилик қилиб ясалгани йўқ. Улар дунё автосаноатида ўз ўрнига эга бўлиб, кўп сонда ишлаб чиқарилган ва сотилган (ҳозир ишлаб чиқариб сотилаётгани ҳам бор).

Peel P50 – машина эмас қутининг ўзи

Қутимашина 60-йилларда Англияда ишлаб чиқарилган. Унинг салонига битта одам сумкаси билан жойлашади. Биттагина эшиги ва яккаю ягона фараси бор.

Ҳаммасидан қизиғи машинанинг вазнидир. Уни тахмин қилишга уриниб ҳам ополмайсиз. Peel P50 бор-йўғи 60 кг тош босади. Шунинг учун аравача каби ҳар жойда етаклаб юрса бўлади, олд қисмида тортиб юриш учун даста ўрнатилган.

P50да 49 см кубли мотоцикл двигатели ишлайди. Машина ўтмишда қолган, деб ўйламанг, 2010 йилда Peel компанияси унинг электрли версиясини ишлаб чиқарди.

Mohs Ostentatienne Opera Sedan – бир эшикли седан

Ғаройиб седанни ярим аср муқаддам америкалик Брюс Моос исмли киши ясаган. У седан ҳашамат тимсоли бўлишини режалаштирганди. Биттагина эшик ҳам одамнинг хаёлига келмайдиган жойга ўрнатилган — кузовнинг орқа қисмида. Эшик деганлари худди трап каби олдинга итқитиб очилади, томи эса юқорига кўтарилади.

Машина зинасига қизил материал тўшалган. Автомобиль салонига паркет қопланган, безак учун қимматбаҳо ёғоч ва тошлардан фойдаланилган. Бу серҳашам автомобиль 1979 йилгача ишлаб чиқарилган холос. Нусхаси ҳам кўп эмас, 10тага бормайди.

TagAZ Aquila – рус “Порше”си

Машина Россияда ишлаб чиқарилганлиги аниқ, аммо қиёфасига боқиб, ҳазил деб ўйлайсан, киши. Бироқ номидаги “АЗ” қўшимчаси эсга солмоқда, қолаверса, Aquila русуми Таганрог автозаводининг маҳсулоти саналади.

Тўрт эшикли купе асосида пўлат қувурли каркас бўлса, кузов ўрнида пластик панеллар ёпиштирилган. Айтишларига қараганда, машинани корхонанинг корейс бўлинмаси тайёрлаган. Aquila 2012 йилдан 2013 йилгача кам серияда ишлаб чиқарилган. Шундан кейин ТагАЗ фаолияти тўхтади.

Aquila яқинда Францияда қайта “туғилди”, уёқда ТагАЗнинг собиқ эгаси истиқомат қилади.

Mitsuoka Viewt – “Ягуар”га ўхшатма

Nissan Micra деган ихчамгина ва чиройликкина машинани биласиз. Аммо японларнинг Mitsuoka компанияси “Микра”дан седан ясаш тадоригига тушиб қолди. У 1963 йилдаги классик Jaguar Mark 2ни эслатиши керак эди.

Лойиҳа тузишди ва ясашди. Аммо орқаси ГАЗ-21га ўхшаш бир бедаво машина дунёга келди. Шунга қарамай, ишқибозлари топилди. Мана Mitsuoka Viewt 24 йилдан бери чиқарилмоқда ва тўхташ нияти йўқ. Тўғри, бу келишмаган машина японларнинг таъбига мос келган бўлиши мумкин, аммо уни чет элга экспорт қилишни режалаштиришаётганлигига нима дейсиз?

PAL-V Liberty – яна бир учар автомобиль

Йўлда тиқинга дуч келса, дарҳол, учиб ўтиб кетадими? Бу режа, холос. Амалга ошириш учун махсус полоса ёки йўл керак. Бундан ташқари, парвоздан олдин 5-10 дақиқа тайёргарлик ишларини ўтказиш талаб этилади. Ердан узоқлашиш учун 200 от кучига эга мотор 330 метрдан тезликни ошириши лозим. Қолаверса, PAL-Vни бошқариш учун, бошланғич даражада бўлса-да, учувчилик лицензияси керак бўлади.

Умуман олганда, PAL-V учар автомобилдан кўра такомиллаштирилган вертолётга кўпроқ тортади. Аммо муаллифлар учар автомобиль деб эълон қилишда мўлжални тўғри олгани исботини топди – олдиндан берилган буюртмалар шарофати билан 499 минг евро йиғиб олинди.

Amphicar 770 – қайиқчилик гувоҳномаси билан бошқарамиз

1961 йилда немис конструктори Ҳанс Триппел тўрт эшикли кабриолет-амфибия ясади. Amphicar 770 доналаб эмас, ялпи ишлаб чиқарилган ягона сувда сузар автомобилдир.

Бироқ лойиҳа муваффақият қозонмади, уни бошқариш учун қайиқчилик гувоҳномаси керак бўларди. Қуруқликда юрганда эса 43 от кучига эга 1,1 литрли мотори билан мақтана олмасди.

Fiat Multipla – олтикўзли минивэн

Дизайнерларнинг антиқа ихтироларини санар эканмиз, антиқа Fiat Multipla минивэнини эътибордан четда қолдирсак бўлмайди. 1996 йилда Париж автосалонида “фиат”чилар Multipla номли концептни намойиш этди. Ғалати, антиқа автомобиль ҳаммани ёқа ушлашга мажбур этди. Аммо икки йил ўтгач, олтикўз машина конвейердан тушиб келишини ҳеч ким кутмаганди.

Шундан кейин бошқа маркаларнинг дизайнерлари, “йўқотадиган нарсамиз борми?” дея, Pontiac Aztec, SsangYong Rodius, Kia Opirus каби ғалати русумларни қаторлаштириб ташлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"