Янги “Тесла”: энг муҳим фактлар билан танишинг (фотолар ва видео)

Янги “Тесла”: энг муҳим фактлар билан танишинг (фотолар ва видео)

АҚШда Model 3 номини олган янги “Тесла”нинг серияли версиясининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур русум ҳақидаги барча қизиқарли хабарларни сиз билан баҳам кўришга шошилдик.

  1.  Элон Маск бу энг машҳур “Тесла” бўлишига ишонади.

    1. “Тесла”нинг узунлиги 4694 мм. Аниқроғи, Mazda 6дан сал кичикроқ, аммо BMW 3-сериясидан узунроқ. Сотилаётган Tesla Sга таққосласак, ташқи кўринишидан катта фарқи йўқ. Аммо катта Tesla Sга 7 йўловчи сиғишини эсга олиш жоиз (икки бола юкхонада).
    2. Салонига барча замонавий технологиялар жо бўлган. Ибтидоий бошқарув мосламалари ғойиб бўлган — барча маълумот 15 дюймли экранда акс этади. Бу қойилмақом кўринади, бироқ бошқариш осон эмас-ку, тўғрими? Аммо телефонни зарядлаш учун иккита қувват қутиси бор.

    1. Машинанинг юкхонаси иккита. Бири олдида, иккинчиси орқада. Тўла ҳажми 435 литр. Унча катта эмас.
    2. Электромобиль, ҳозирча, фақат орқа узатмали. Бироқ 2018 йилда тўла узатмали версияси ҳам чиқади. Кутамиз.

    1. Динамикаси яхши. Элон Маскнинг айтишича, 96 км/соат тезликка модификациясига қараб 5,1-5,6 сонияда эришади. Заряди эса 352-496 км йўл босишга етади. Аммо буни Tesla Sга солиштиролмаймиз. Ахир у 2,5 сониядаёқ юзга чиқиб, 536 км йўл босишга қодир.
    2. АҚШда унинг баҳоси 35 минг доллар туради. Солиштириб кўринг: BMW 3-серия 33 450 доллардан сотилади. Аммо бир жиҳатга диққат қаратмаса бўлмайди: АҚШда нархлар (штатга қараб) қўшимча қиймат солиғисиз кўрсатилади, тегишли нархни билиш учун 5-10 фоиз қўшиш керак. Бундан ташқари, “Тесла” машинани етказиб бериш учун ҳам 1200 доллар олади.

Машина таннархи нималардан иборат? Сиғими оширилган батарея 9 минг долларга тушади (бошламасига машина фақат у билан сотилади). “Яхшиланган салон”, шиша том, мусиқий мажмуа, юмшоқ ўриндиқлар ва бошқалар 5 минг доллар. Ярим автопилот яна 5 минг. Элон Маск машинани ўзи бошқарадиган замонавий автопилот ўрнатиш имконияти учун қўшимча 3 минг доллар сўрайди. Тўғри, у қачон пайдо бўлиши ҳали ноаниқ. Қолаверса, қонунчиликнинг унга муносабати ҳам аён бўлгани йўқ. Ҳукумат машинанинг устидан тўла назорат ҳайдовчида бўлишини талаб қилади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"