Янги томчи-автомобиль лойиҳаси учун эстонларга қанча маблағ керак?

Янги томчи-автомобиль лойиҳаси учун эстонларга қанча маблағ керак?

Эстониянинг NOBE компанияси ишчи номи NOBE 100 деб аталувчи уч ғилдиракли электромобиль лойиҳасини тақдим этди. Nobe 100 биз одатда кўришга одатланган уч ғилдиракли транспорт воситаларидан тубдан фарқ қилади, дейди Motor1. Янги автомобилнинг ўлчами кичик эканлиги унинг ҳаракатчанлигини ошириши билан бир қаторда йўл тиқинларида ҳам машинани махсус турар жойга ортиқча қийинчиликларсиз жойлаш имконини беради.

Эстон машинасининг ички кўриниши жиддий қиёфада яратилган бўлиб, 30-йилларга хос аломатлар билан безатилган: аналогли асбоблар панели, хромланган ёққичлар, ёғоч қопламалар... Автомобиль кўз ёши шаклида ясалган бўлса-да, йўловчилар сиғмасдан кўз ёши қилишига ҳожат йўқ: томчимобиль бирданига учта йўловчини сиғдира олиш билан бир қаторда маълум миқдордаги юкни ҳам ола олиш имконини беради. Юклар орқа ўриндиқдаги йўловчининг орқасига жойланади.

Томчимобилнинг деталлари қайта ишланган хом-ашёлардан тайёрланган. У тўла заряди билан бемалол 220 километр масофани босиб ўтиши ва энг юқори тезлиги 110 км/соатгача чиқиши мумкин. Лойиҳа муаллифлари электромобилнинг ҳамма ғилдиракларини айланадиган қилмоқчи.

Nobe 100 лойиҳасини трайк деб ҳам таърифлашмоқда, яъни қайсидир маънода уни мотоцикл деб аташ мумкин. Унинг томи қаттиқ материалдан тайёрланади. Зарур бўлганда эса уни очиш ва ёпиш имкони ҳам бўлади.

Энди эса мазкур лойиҳани йўлга қўйиш учун зарур бўлган энг асосий нарса, яъни маблағни тўплаш қолди холос.

Nobe компанияси мазкур маблағни тўплаш учун акцияни бошлаб юборган ва улар 1,2 миллион доллар миқдоридаги зарурий маблағ тўплангунча тўхтамасликни режа қилишган.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"