Янги Зеландияда ичкиликбоз ҳайдовчилар билан янги усулда курашишмоқда

Янги Зеландияда ичкиликбоз ҳайдовчилар билан янги усулда курашишмоқда

Янги Зеландиянинг Куинстаун шаҳрида маст ҳайдовчилар билан ноодатий усулда курашишмоқда. Mountain Scene маҳаллий ҳафталик газетаси бош саҳифасида маст ҳолда қўлга тушган ҳайдовчиларнинг фамилиясини эълон  қилмоқда. Тадбирдан мақсад атрофдагилар ҳаётига хавф туғдирувчи пиёниста шофёрларни уялтириш, тартибга чақириш.

Бу ҳафтада қоидабузарларнинг биринчи рўйхати эълон қилинди. Ҳисоб-китобларга биноан 30 минг аҳолиси бор шаҳарчада ярим йил ичида 100 қоидабузар аниқланиши мумкин. Аммо бу шаҳарнинг аҳолиси ичкиликка муккасидан кетган, деб ўйламанг. Куинстаун Янги Зеландиянинг курорт шаҳарларидан бири бўлиб, меҳмонлар кириб келиши биланоқ дарров барга йўл олади. Бу ерда эса бардан кўпи йўқ.

“Бутун Янги Зеландия ҳудуди бўйлаб бунақа қоидабузарликлар камайяпти, Куинстаунда эса ҳаммаси аксинча”, дейди Mountain Scene муҳаррири Дэвид Уилямс. “Одамлар бу ерда кўпинча рулга маст ҳолда ўтиради, бироқ ҳозиргача бунга эътибор қаратилмаган. Муаммо тўғрисида гапириш керак. Газетамиз аниқ позицияни олишга аҳд қилди ва биз бунга бошқа тоқат қилолмаслигимизни кўрсатди”.

Бироқ янги амалиётдан ғазабга минган маҳаллий фуқаролар газета таҳририятига қўнғироқ қилиб уларни айблай кетди, рўйхатдагиларнинг ҳам қариндош-уруғлари борлигини ўйлашга чақирди. Шунга қарамасдан, кўпчилик газета муҳаррирининг позициясини ёқлади.

Ижтимоий тармоқ аъзоларининг муносабатлари ҳам иккига бўлинди. Газетанинг Facebook саҳифасига “Нима қилганингиз бу, ҳазиллашяпсизми? Бу одамларнинг болалари энди ўзини қандай ҳис этишини тасаввур қиляпсизми?” дея аччиқланиб ёзганлар талайгина. Бошқа бировлар эса “Яшанглар, Mountain Scene, ажойиб ғоя! Агар ичиб рулга ўтирсангиз, демак, атрофдагилар, жумладан, болалар ҳақида ҳам ўйламайсиз”, деб ташаббусни маъқуллади.

Газета масъулиятсиз ҳайдовчиларнинг йилнинг охиригача уялтиришни мақсад қилди.

Маълумки, маст ҳайдовчи йўлда даҳшатли ҳалокатни содир этиши эҳтимоли жуда баланд. Сиз нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда худди шундай ташаббус бошлаш мумкинми?

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"