Янгиободга олиб борадиган трамвай линияси олиб ташланди

Янгиободга олиб борадиган трамвай линияси олиб ташланди

Тошкентда тўхтатиб қўйилган Янгиобод (Роҳат)гача трамвай линиясини қайта ишга тушириш билан боғлиқ масалага нуқта қўйилди. Ўтган ҳафтада 45 йил аввал қурилган ва охирги бир неча йилдан бери ишлатилмаётган линия олиб ташланиши бошланди. Бу ҳақда gazeta.uz нашри хабар бермоқда.

Ўтган йилнинг ёзида “Тошшаҳартрансхизмат” компанияси Тараққиёт кўчасидан (Эски ТошМИ) Тошкент механик заводи (собиқ ТАПоИЧ) орқали Оҳангарон шоссесигача 3 километрлик трамвай линияси қурилишини эълон қилганди. У Янгиободгача борадиган 5 км лик линия билан туташи керак эди.

Кузда Янгиобод линиясида тайёргарчилик ишлари ўтказилди, рельслар тозаланди ва тартибга келтирилди. Бироқ эълон қилинган режа амалга ошмади: 11 мартда Тараққиёт кўчасида рельсларнинг олиниши бошлангандан кейин Оҳангарон шоссеси бўйлаб кетган рельслар ҳам олина бошланди. Бундан эса Янгиобод линияси бўлмаслиги маълум бўлди. Рельслар, шунингдек, Ашрафий кўчасидан (собиқ Лисунова) ҳам олиб ташланмоқда, бу линиядан “Чкалов” (ҳозирги “Дўстлик”) метро станциясига қачонлардир трамвай ҳаракатланган.

Тошкентда айни вақтда 6 та – 8, 9, 12, 13, 17 ва 26-трамвай йўналишлари қолмоқда. Яқинда “Олмазор” метро станциясидан Сирғали мавзесигача тезкор метро линияси қурилиши режаси маълум қилинди, бироқ ҳозирча бу қурилиш тафсилотлари номаълум бўлиб қолмоқда.

Манба: Kun.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.