Япон кўргазмасининг автомобиллари: энг, энг, энг (видеолар)

Япон кўргазмасининг автомобиллари: энг, энг, энг (видеолар)

Токио автосалони ҳамиша ажабтовур авторусумлари билан шов-шув кўтарган. Ҳозир сизга яқинда Токиода ўтказилган автошоунинг энг ғаройиб автомобилларини таърифлаймиз. Бошладик.

Энг беўхшов автомобиль

Бу этиксимон пакана автомобилни япон талабалари ясаган. Улар 2050 йилда машиналар худди шундай кўринишда бўлади, деб ҳисоблайди. Анча беўхшов, шундай эмасми? Ёки талабалар кўргазмагача жуда шошиб қолган, ё бўлмаса, ҳақиқатан зўр нарса ясадик, деб ўйлашади. Аммо биз унга салоннинг энг хунук машинаси деб ном бердик. Яна унинг номи “Коллапс”лигини айтмайсизми? Тўғри, унинг бир афзаллиги бор: ғилдирак базаси узунлигини ўзгартира олади. “Коллапс”ни миниб автотураргоҳга келасиз ва гўдакларнинг аравачаси сингари тахлаб, исталган жойга жойлаштириб қўясиз. Видеони кўринг. 

Энг эркакча автомобиль

Янги “Ленд Краузер” шунақа дизайнда чиқарилишига қандай қарайсиз? Тўпори услубда, шундайми? Эсда тутинг – “Тойота”нинг галдаги автомобиллар серияси айни шу тахлитда чиқарилиши мумкин.

Машинанинг номи Toyota TJ Cruiser. Tj бу toolbox, яъни “асбоблар қутиси”, joy эса “шодлик” дегани. Кроссовер қутига ўхшайди, тўғримиJ. Габарити кичиклигига қарамасдан, Toyota Tj уч метрли буюмларниям ташийверади.

Toyota TJ Cruiser чекка жойларда дам олувчилар учун мўлжалланган. Буни сурилувчи орқа эшикларидан ҳам билиш мумкин. Капоти, томи ва эшикларига махсус лок бўёқ сурилганлиги учун тирналиш ва чизилишлардан хавотир олмаса ҳам бўлади.

Энг ноаниқ автомобиль

Mitsubishi “Эво”ни эсдан чиқарганимизга анча бўлди. Аммо машинасозлар унинг номини қайта тиклашга қарор қилибди. Тўғри, бошқачароқ тарзда. Аввалги “Эво” енгил суперкар бўлса, буниси кроссоверга айланган. Бунинг устига электрда ҳаракатланади. e-Evolution номини олган кроссовернинг учта двигатели бўлиб, биттаси олдинги, иккитаси орқа ғилдиракларини ҳаракатга келтиради. Японлар ҳайдовчи маза қилиб минишига ваъда беряпти. 

Аммо гап шундаки, марканинг ишқибозлари бунақа машинага эътироз билдирса, электрли кроссовер дунё юзини кўрмайди. Мухлисларнинг талаби – қонун. Ана шунақа.

Энг юмшоқ автомобиль

Бу машинани “Тойода” компанияси тайёрлайди, яъни Toyoda Gosei. Сезганингиздек, у машҳур Toyota концернига қарашлидир. Toyoda Gosei автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компания. Энди улар ноодатий машина билан дунёни ҳайратлантирмоқчи бўлиб Flesby II номли концепт тайёрлади. Нега уни юмшоқ деб атадик? Чунки унинг кузови e-Rubber – электрон резинадан ишланган. Япон инженерлари 2030 йилга боргач, машиналар шундай чиқарилади, деб ҳисоблайди – қувноқ, ёрқин ва пиёдалар учун хавфсиз. Машина пиёдага урилса ҳам қаттиқ шикастламайди, чунки кузови юмшоққина. Қолаверса, материали электр токи таъсирида шаклини ўзгартира олади. Юмалоқ дизайни ёқмадими – марҳамат, ток уланг ва қиррали бамперли машинани олинг. Машина юмшоқлигининг устига, ақлли ҳамдир, резина кузовдаги диод чироқчалар, ҳатто, табассумни ҳам акс эттиради. 

Энг хушовоз автомобиль

Nissan Токиога нафақат IMx кроссоверини олиб келган, балки жарангдор товушли автомобилни ҳам келтирган. 

Canto деб ном олган автомобилнинг асосий “фишка”си пиёдаларни огоҳлантирувчи ўзига хос товушидир. Айтишларича, машина тезлаши, секинлаши ва орқага юришига мос равишда товуш баландлиги ўзгаради. Canto номи эса лотинчадан “куйлайман” деб таржима қилинади.

auto.mail.ru

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"