Японияда Asahi Kasei AKXY – сотилмайдиган кроссовер премьераси бўлиб ўтади

Японияда Asahi Kasei AKXY – сотилмайдиган кроссовер премьераси бўлиб ўтади

24 май куни Йокогамадаги Automotive Engineering кўргазмасида Asahi Kasei AKXY электрли кроссоверининг премьераси ўтказилади.

Asahi Kasei корпорацияси олдин сира автомобиль ишлаб чиқармаган, бундан буён ҳам чиқармаса керак. Чунки у тиббий ускуналар ва полимер пардоз материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Asahi Kasei ўз салоҳиятини кўз-кўзлаш учун ушбу кроссоверни намойиш этмоқчи. Кроссовер электроника мўъжизаларига тўла: симсиз тонометр, сунъий чарм ва замш қопламалар, пластик панеллар, овозли бошқарув функцияси ва ҳоказо.

Албатта, кроссовер ягона нусхада ясалган. Уни тайёрлашда GLM ширкати кўмаклашган. Асос сифатида GLM Tommykaira ZZ электрли спорткари олинган бўлиб, 306 от кучига эга мотор, вариатор ва литий-ионли аккумуляторлар блоки унга тегишлидир. Юриш қисми такомиллаштирилган, салони қўлда ясатилган.

Кроссовернинг узунлиги 4685 мм, кенглиги 1813 мм, бўйи эса 1562 мм. Бошқача айтганда, Toyota RAV 4 ва BMW X3 автомобилларига қиёсласа бўлади. Кроссовернинг яна бир хусусияти қуш қанотли эшикларидир. Бу эшиклардан уччала ўриндиқларга ҳам кириш мумкин. Ўзига хос қиёфа, 1+2 формулали ўриндиқлар ва инновацион материаллар электромобилга нисбатан қизиқишни орттириши шубҳасиз.

Муаллифлар қизиққан компаниялар билан кроссоверга хос маълумотларни баҳам кўрмоқчи. Таъкидлаш керакки, у серияли ишлаб чиқарилмайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"