Яқин ўтмишимизнинг олти паҳлавон машинаси (видеолар тўплами)

Яқин ўтмишимизнинг олти паҳлавон машинаси (видеолар тўплами)

Ҳар бир ғилдираги одамдан баланд “БелАЗ”, “Кировец” тракторларини кўз олдингизга келтирдингизми? Carzone.uzда бугун собиқ совет вездеходларини томоша қилинг.

  1. Пластик кузовли “мамонт”

12 тоннали бу бақувват машинанинг туби шунчалик баландки, мактаб бола унинг остида қаддини ростлаб тура олади. 167 индексли олти ғилдиракли машинани 1963 йилда “ЗиЛ”чилар ясаган. Узоқ Шарқда ишлайдиган геолог ва нефтчиларга мўлжалланган тажрибавий автомобиль 5 тонна юк ва 14та йўловчини олади. ЗиЛ-167 бир метрли қорда 30 км/соат тезликда юради, ботқоқни ҳам писанд қилмайди. Узунқулоқ гапларга кўра ССРИ Шимолий Қутб орқали Америкага ҳужум қилиш учун бу паҳлавон машинани ясаттирганмиш. Аммо 180 от кучига эга мотори орқада жойлашган, автоматик трансмиссияли бу автомобиль серияли ишлаб чиқарилмади. Балки ҳужум кейинга қолдирилгандир.

  1. 12 ғилдиракли йўлтанламас ва гавдаси билан буриладиган вездеход

Тўла узатмали машина дегани бундай бўлибди. НАМИ-058нинг 12 ғилдираги бўлиб, уларнинг бари етакчи. Ярим тиркамасининг фаоллигига эътибор беринг, йўлсиз муҳитда халақит бериш ўрнига итариб ёрдамлашади. 17 метрли улкан машина 25 тоннадан ортиқ юкни таший олган. Паст-баландликларни кўрдим демасдан илгарилашини видеолавҳада томоша қилинг.

НАМИ-0127 ҳам ундан қолишмайди. У газ қувурларини саҳро ёки тайганинг ўтиб бўлмас ҳудудларига элтиш учун ясалган. У ҳам ўтувчанлик борасида мислсиз, бироқ бурилувчи ғилдираклари йўқ эди. Автомобиль рамаси ёрдамида бурилган. Қандай ишлашини видеода томоша қилинг. Афсуски, бу ҳам конвейергача етиб бормаган.

  1. 25 йилгача махфий

90-йилларга боргачгина “ЗиЛ” заводида махсус вездеход ишлаб чиқариш махфий тутилмайдиган бўлди. Унгача бари сир ҳисобланган. Шундан сўнг “Кўк қуш” қидирув-қутқарув комплексининг довруғи тарқалди. Ерга қўнган фазогирларга тезкор ёрдам кўрсатиш учун ясалган автомобиль сузиш, дарахтларни ағанатиб ўтиш, мутлақо йўлсиз шароитда илгарилаш ҳадисини олган. Бундан ташқари комплекс таркибига кирувчи машҳур шнекоход ҳақида carzone.uzнинг ушбу мақоласида ўқинг.

  1. Қуруқлик делфини

Бу баҳайбат ва келишмаган машина нега “делфин” деб аталганига ҳайрон бўласан киши. “Иркит ўрдакча”, деб атаса, бошқа гап. Аммо унинг бор қобилиятини томоша қилса арзийди. ЗиЛ-135П денгизда беш балли пўртана кўтарилганда ҳам суза олади, юпқа музга дуч келса ёриб ўтади, қуруқликда эса отдек чопади. Сиз видеода 14 метрли амфибия сувдан чиқиб тепаликка кўтарилишини ва шосседа оддий автомобилдан қолишмай ғизиллаганча ҳаракатланишини кўрасиз.

  1. Грачёвнинг шарофати билан

Совет иттифоқининг зўр вездеходлари учун таниқли инженер Виталий Грачёвдан миннатдор бўлиш керак. У ўтган асрнинг 50-йилларида кўп ғилдиракли тўла узатмали автомобиллар ясаш тажрибасини бошлаган. Бошида тумшуқли бўлган ЗиЛ-134 шу тажрибалар натижаси бўлиб дунёга келди. У ўз даврининг энг инновацион автомобили эди: 240 от кучига эга V12 мотор, автоматик узатмалар қутиси, ғилдираклар орасидаги ўзи блокланувчи дифференциал ва ҳоказо. Натижада ЗиЛ-134 ўтувчанлик борасида гусеницали техникани йўлда қолдирадиган бўлди, бунинг устига тезкор, тежамкор ва абжир.

  1. Дизайнер нега керак?

Видеолавҳаларда совет вездеходлари анчайин қўпол кўринишига эътибор бердингизми? Бу табиий, чунки уни фақат инженерлар дизайнерсиз тайёрлаган. Ўша даврнинг юк машина автосаноатида дизайнернинг ўзи бўлмаган. Аммо 1963 йилда “Ермак” русумига бадиий қиёфа бахш этиш учун дизайнер жалб этилди. Вужудга келган машина французларнинг Berlietига ўхшаб қолгани учун танқид қилинган бўлса-да, истаралироқ чиқди. 11 метрли “Ермак”ка танкнинг V12 мотори ўрнатилган, 320 от кучига эга. 45 тоннали ярим тиркамани судрай оларди.

auto.mail.ru асосида тайёрланди

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"