Йилига 3 млн енгил автомобиль шинаси ишлаб чиқарувчи завод қурилишига старт берилди

Йилига 3 млн енгил автомобиль шинаси ишлаб чиқарувчи завод қурилишига старт берилди

Жорий йилнинг 11 сенятбрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигининг кичик мажлислар залида вилоят ҳокими Ш.Бобоевнинг Хитой республикасидан ташриф буюрган делегатлар, хусусан «Poly Technologies» компанияси президенти Ванг Лин бошчилигидаги делегация ҳамда «Rezinatexnika Mahsulotlari Zavodi» МЧЖнинг қурилиш бўйича дирекцияси раҳбари Ш.Аминов билан ўзаро давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz.

Суҳбат чоғида Ангрен шаҳри, саноат худудида жойлашган «Rezinatexnika Mahsulotlari Zavodi»нинг иккинчи босқичини қуриш ва ишга тушириш масалалари келишиб олинди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, «Rezinatexnika Mahsulotlari Zavodi» хорижий инвестор «Poly Technologies» (компания президенти Ванг Лин) ва лойиҳа ташаббускори, маҳаллий «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда барпо этилиши режалаштирилган.

Ушбу режага кўра, «Rezinatexnika Mahsulotlari Zavodi»ни Хитойнинг «Poly Technologies» компанияси 34 ой ичида «калитини топшириш»гача қуради. Молиялаштириш Хитойнинг «Эксимбанк»и, «Ўзкимёсаноат»нинг ўз маблағлари ва Ўзбекистон тараққиёт ва тикланиш жамғармаси кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.

Лойиҳадан кўзда тутилган мақсад — биринчи босқида енгил автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқариш бўлса, иккинчи босқичда конвейер тасмалари ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун шиналар ишлаб чиқарилади.

Лойиҳага кўра, «Rezinatexnika Mahsulotlari Zavodi» Ангрен шаҳридаги саноат ҳудудида барпо этилади. Унинг умумий қиймати 213,97 млн. АҚШ доллари эквивалентига тенг. Йилига енгил автомашиналар учун 3 миллион дона шина ишлаб чиқариш кўзда тутилган биринчи босқични ишга тушириш учун маблағнинг 135,42 миллион доллари сафланса, 200 минг погонометр конвейер тасмаси ва 200 минг дона қишлоқ хўжалиги техникалари шинаси ишлаб чиқариш мўлжалланган иккинчи босқич учун 78,55 миллион доллар харажат қилинади. Заводга асбоб-ускуналар «Poly Technologies Inc.» томонидан етказиб берилади.

Завод тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, 1119 та иш ўринлари яратилади. 1 сентябрь куни биринчи босқич лойиҳасини амалга ошириш бошлаб юборилди. 2018 йилнинг I чорагидан 2-босқич лойиҳаси ишга туширилади.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.