Йўл қоидаларига амал қилиш ҳақида динда нима дейилганини биласизми?

Йўл қоидаларига амал қилиш ҳақида динда нима дейилганини биласизми?

Савол: Айрим мусулмонлар динда бундай қоидалар ҳақида сўз йўқ деб, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишмайди. Шу тўғрими?

Жавоб: Йўл қоидаларига амал қилиш, бу қонунларни ҳурмат этиш шаръан вожибдир. Чунки манфаатларни пайдо қилиб, зарарларни даф этади. Бу қоидаларга риоя қилиш зарарлардан саломат бўлиш гаровидир. Бу ҳаниф шариатимиз мақсадларидан бири бўлиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқдир”, деганлар. Уламолар мусулмон киши йўл ҳаракат қоидалари ва одабларига амал қилиши вожиб эканига бир қанча сабаб келтирадилар. Жумладан:

1. Бунда жон муҳофазаси бор. У дин, жон, ақл, мол ва обрў каби  шариат уларнинг муҳофазаси учун келган бешта заруратдан биридир. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик айрим ҳолларда ўлим билан тугайди. Бу эса маъсум жонни ноҳақ ўлдириш ҳисобланади. Аллоҳ таоло: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гунохлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур”, дейди («Фурқон» сураси, 68-оят). Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Киши динида кенгликда бўлади, модомики ҳаром қилинган қонни тўкмагунча”, дедилар. Бухорий ривояти.

Уловни тез ҳайдаш ўзни ва бировни ўлдиришдир. Аллоҳ таоло бундай кишиларга «Нисо» сурасида қаттиқ ваъид қилади: “Ҳамда бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир”, дейди. (30-31-оятлар). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Ким ўзини темир билан ўлдирса, бас жаҳаннам ўтида абадий қолган ҳолда темирни қўлида қорнига тиқаверади«. Бухорий ва Муслим ривоялари.

2. Албатта ҳаракат қонун-қоидаларига риоя қилиш ишбошиларга итоат этиш ҳисобланади. Аллоҳ бизга гуноҳ бўлмаган ўринларда ишбошиларга итоат этишга буюрган: “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган ҳокимларга бўйинсунингиз!”. («Нисо» сураси, 59-оят). Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Аллоҳ таоло сизларга уч нарсага рози бўлади: 1. Унга ибодат қилмоғингизга. 2. Бирор нарсани Унга ширк қилмаслигингизга. 3. Аллоҳ ишларингизга бош қилган кишиларга насиҳат қилмоғингиз”. Уламолар насиҳатни уларга зид иш ва дуо қилмаслик, уларнинг ҳаққига дуода бўлиш деб шарҳлашади.

3. Ҳаракатланиш қоидаларига риоя этиш Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Китобида ва расулининг тилида буюрган гўзал ахлоқли бўлишга мувофиқ келади: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ (сакинат ва виқор) билан юрадиган кишилардир” («Фурқон» сураси, 63-оят). Луқмон (а.с.) ўғилларига шундай насиҳат қилганлар: “Юрганингда ўртача юргин ва овозингни паст қилгин” («Луқмо»н сураси, 19-оят). Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлдан одамларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлашни иймон бўлакларидан бири деганлар. Бошқа ҳадисда шох бўлагини йўлдан олиб ташлаган кишини Аллоҳ таоло жаннатга киргизгани ҳақида айтилади. Ҳолат шундай бўлса мусулмонларга йўлларида, кўчаларида жунуний тезлик билан озор берадиганларга нима бўлади? Айрим одамлар фақат ўзларини ўйлайдилар, атрофдагилардан ўзларини устун кўрадилар, қизил чироқда ҳам ўтиб биродарларининг ҳаққига хиёнат қиладилар. Ваҳоланки ундан ҳам иши кўп ва вақти тиғиз кишилар бор ва  Аллоҳ таоло мўминларни: “… гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар (олдинга қўюрлар)”, деб сифатлайди («Ҳашр» сураси, 9-оят).

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

Манба: azon.uz

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"