Йўлда радар борми? Унда бу ҳақда Waze орқали хабар беринг

Йўлда радар борми? Унда бу ҳақда Waze орқали хабар беринг

Гарчи бизда бегона манзилларни сўраб топишга ўрганишган бўлса-да, ҳозирда турли навигатор ва электрон хариталардан фойдаланиш оммалашиб бормоқда. Бу борада Google Maps, Яндекс Карты, Here Maps, Apple Maps каби харита-сервисларни мисоб қилиб келтириш мумкин. Аммо  бундан бир неча йил олдин чиқарилган ва Google томонидан сотиб олинган Waze навигатори тезда кўпчиликнинг меҳрини қозонди ва бутун жаҳон бўйлаб оммалашиб кетди. Бунга сабаб Waze навигатори ўзида шунчаки харита функцияларини жамлаб қолмай, балки ҳайдовчилар учун ижтимоий тармоқ вазифасини бажарганидир.

Навигатор + ижтимоий тармоқ

Оддий қилиб тушунтирсак, Waze навигаторида нафақат ўзингизни, балки бир вақтнинг ўзида дўстларингизни ҳам харитада кўришингиз мумкин. Бундай ташқари улар билан чат ойнасида суҳбатлашиш функцияси ҳам бор. Қизиқ, тўғрими?!

Waze одамлар учун шунчаки навигатор вазифасини бажармайди, у ҳайдовчилар ва пиёдалар учун муяйян экотизимга айланган. Яъни одамлар йўлдаги ҳодисаларни навигатор иловасига киритиш орқали бошқаларга хабар бериши мумкин. Мисол учун, тирбандлик, йўлдаги таъмирлаш ишлари, камера ёки радарнинг мавжудлиги, авариялар, АЁҚШ ва ҳатто ундаги нархлар, энг қизиғи йўлдаги чуқурлар ҳақидаги маълумотларни бевосита илованинг ўзида улашиш имконияти мавжуд.

Интерфейс

Қулай ва ортиқча деталлардан холи интерфейс ушбу навигаторнинг энг асосий афзалликларидан биридир. Waze хизматида ҳаракатни 2D ва 3D шаклда кузатиш мумкин. Ундаги бажариладиган функциялар бошқа навигаторлардан сезиларли даражада кўпроқ. Йўлдаги ҳодисалар ҳақидаги хабарларни иловага ҳайдовчилар қўшадилар.

Илова ҳаракат йўналишини анимация билан кўрсатади. Бу эса манзилни аниқ билишда қўшимча қулайлик яратади.

Бундан ташқари, иловага турли билдиришномаларни олдиндан созлаш ҳам мумкин. Масалан, автомобилдан чиқаётганда ҳеч нарсани эсдан чиқармаслик учун сигнал бериш опциясини ёқсангиз, сафар тугагач у сизга бу тўғрида хабар беради.

Яна бир қулайлик. Waze иловаларига (iOS ва Android) ўзбек тили ҳам қўшилган бўлиб, ҳозирда янада такомиллаштирилмоқда.

Манзилни қидириш

Waze интерфейсида бирор манзилни қидириш жуда осон. Шунчаки манзил номини қидирув сатрига киритиш кифоя. Хизмат ўзи сиз учун оптимал ва яқин бўлган йўлни танлайди. Мисол учун, у маршрутни тирбандлар ёки ёпиқ йўлларни айланиб ўтган ҳолда созлайди. Бу эса кишиларнинг вақтини тежашга ва манзилга саломат етишига ёрдам беради.

Зўр опция: йўлдаги камера ҳақида хабар бериш

Айни пайтда юртимизнинг турли жойларида фоторадар ва камералар ўрнатилмоқда. Бу албатта одамларнинг хавфсиз ҳаракатланишини кўзлаб қилиняпти. Бироқ жарималар ҳам арзон эмас. Шунинг учун Waze иловасига бирор манзилдаги камера, фоторадар ҳақидаги маълумотни киритсангиз, қолган ҳайдовчилар ўша ердан ўтганда бу ҳақда хабардор бўлишади ва тезлик оширмасликка ҳаракат қилишади. Бу барча учун фойдали, албатта.

Ҳозирча шу. Ушбу навигаторнинг ҳар битта функцияси ҳақида кейинроқ қисқача маълумот бериб борамиз.

Мавлон Марасулов

Мавзу:

#радар#Waze

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.