Занжирли ГАЗ-53 нега ясалган?

Занжирли ГАЗ-53 нега ясалган?

Кўпчилик бу автомобилнинг расминигина кўрган холос. Ҳа, бу ғилдирак ва гусеницали ГАЗ-53 юк автомобилидир. У нега бундай яратилган?

Уни ГАЗ-53 юк машинаси ва ДТ-75 тракторининг гибриди деб атаса бўлади. Дарвоқе, номи БВСМ-80 (“Быстроходная вездеходная санитарная машина образца 1980 года”), яъни “80-йилларнинг тезюрар йўлтанламас санитар машинаси”. Тўғрироғи, 1980 йилда концепцияси пайдо бўлган, ўзи эса 1983 йилда ясалган.

bvsm 1

БВСМ-80ни ясаш ғояси инженер Рем Улановга тегишлидир. У, биринчидан, автотрассани бузмасдан тез юрадиган, иккинчидан, трактор сингари ўнқир-чўнқирларни писанд қилмай ҳаракатланадиган санитар машинаси ясамоқчи эди. Гарчи, ҳарбийлар учун санитар машина ясалиши керак бўлса-да, Мудофааа вазирлиги лойиҳага қизиқмади. Шундан сўнг РСФСРнинг соғлиқни сақлаш вазири Н. И. Сидоров лойиҳага майл билдирди.

bvsm 3

Шунга қарамасдан шифокорларга ҳарбийларчалик маблағ ажратилмасди. Инженер Уланов чекланган имкониятлардан келиб чиқиб ГАЗ ва ДТ-75 тракторидан вездеход ясаш топшириғини олди. Шундай қилиб, “дўхтирларнинг вездеходи” 1980 йилда ясаб битирилди. Уни Москва паркларидан бирида синаб кўрилганлиги кишидан кулги уйғотади. Бундан ташқари Подмосковьеда ҳам синов ўтказилди.

Синов мобайнида машина анча-мунча ўзгаришга юз тутди. Хусусан, узунлиги 5540 ммдан 4840 ммга қисқарди. Ғалтаклари 6тадан 4тага камайди. Бортидаги “+” белгисига чалғиманг – ичида тиббий қурилма йўқ.

bvsm 4

Бироқ қайта қуриш йиллари тўлқинида машинани молиялаштириш тўхтатилди. Инженер шифохонага тушиб қолди. Лойиҳага масъул шахслар эса бирин-кетин лавозимдан кетди. Ташлаб қўйилган машина бир неча йилдан сўнг “сўйилди” ва темир-терсакка топширилди.

Айтиш керакки, Рем Уланов истеъдодли конструктор эди. У тайёрлаган машина нусхалари Автомобиль транспорти музейини безаб туради.

Асли БВСМ-80 конструкцияси оригинал эмас, Улановгача ҳам таклиф қилинган (1930-йилларда). Ўхшаш тузилишдаги автомобиллар бугун ҳам бор. Масалан қуйидаги расмда акс этган MAN:

man

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"