BMW Vision Next 100 концепти ва келгуси аср режалари

BMW Vision Next 100 концепти ва келгуси аср режалари

BMW юз йиллик тўйини нишонламоқда. Тўйга тўёна билан, дейишади. Компания ўз юбилейига атаб Vision Next 100 концепт нусхасини тайёрлади. Концептга келажак автоси, деб қарашингиз мумкин.

Ўтган аср автомобиллари белгиси сифатида руль сақланиб қолган. Аниқроғи, штурвал. Автомат режимда ўзи тахланиб панель ортига киради. Ўриндиқлар орасидаги марказий тоннел бор, аммо автопилот ишга тушганда у ҳам “инига” кириб кетади.

Ускуналар панели умуман йўқ! Автомобиль ҳолати тўғрисида қаердан ахборот оламиз? Бошқарув тугмаларисиз нима қиламиз? Хавотирга ўрин йўқ, барча маълумотлар каттакон олд ойнада аксланади. Қолаверса, олд панелдаги қизил учбурчаклар ёниб-ўчиб, ҳаракат йўналишини, эҳтимолий хатарни, яқинлашаётган велосипед ёки машинани билдириб туради (видеони кўринг)

Vision Next 100 нишона нусхасининг кузовидан тортиб ғилдирак аркаларигача эчкемар терисидек тангачасимон текстурали. Бурилиш чироқлари вазифаси ҳам шу текстурага юкланган. Айтганча, анъанавий олд фаралар сақланиб қолган.

BMW Vision Next 100 узунлиги 4,9 м. Аэродинамик қаршилик коэффициенти 0,18. Салонда тўрт алоҳида ўриндиқ жойлашган. Қулайлик ва хавфсизлик аъло даражада таъминланган. Ҳайдовчи бошқариш режимида ҳам электроника мақбул траектория ва ҳаракат тезлигини белгилаб боради. Компьютер ҳайдовчининг қўл ҳаракатларини таҳлил қилади ва шунга мос тавсиялар беради.

Барчасини компьютернинг ўзи бажарса, ҳайдовчи зерикиб қолмайдими? Ҳа, аммо, тараққиёт тўхтаб турмайди. Келажак ҳайдовчисиз автомобилларники. БМВ эса бўлажак харидорларни, яъни сиз ва бизни бунга тайёрлаб бормоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"