Араб гиперкарсозлари минивэн ишлаб чиқармоқчи

Араб гиперкарсозлари минивэн ишлаб чиқармоқчи

Байрутда асос солинган, аммо Дубайда фаолият юритувчи W Motors фирмаси Шанхай автосалонида Iconiq 7 электрли минивэнини намойиш этади.

W Motors қимматбаҳо Lykan Hypersport ва Fenyr Supersport гиперкарларини ишлаб чиқарганлиги билан танилган. Аммо бу машиналарни бой-бадавлат харидорларгина миниши мумкин. Iconiq 7 минивэнидан эса такси, корпоратив такси ва аэропортда шаттл сифатида фойдаланиш мумкин.

Iconiq 7 бир йил олдин АҚШда концепт кўринишида намойиш этилган. Шанхайда эса серияли ишлаб чиқариладиган нусхаси кўрсатилади. Жорий йилнинг охирига қадар минивэнни Хитойда ишлаб чиқариш бошланади. Демак, биринчи харидорлар хитойлик бўлиши эҳтимолга яқин. Кейинчалик бутун дунёда сотилади.

Электрли минивэнни тайёрлашда W Motorsнинг ҳамкори Magna Steyr компаниясининг меҳнати сингган. Дизайни билан италянларнинг StudioTorino ательеси шуғулланган.

Автомобиль узунлиги 4900, кенглиги 1900, баландлиги 1860, ғилдираклар базаси 3000 мм. Беш ва етти ўринли бўлиши мумкин. Яна бир ўзига хос жиҳати аккумуляторларининг симсиз зарядланишидир.

Минивэннинг қиммат версияси ҳам чиқарилади. Унинг салони серҳашам, гаджетларга бой бўлади. Минивэнни уларнинг ёрдамида офисга айлантириш мумкин.

Бироқ таърифи келтирилган минивэннинг техник тавсифи ва нархи айтилгани йўқ. Тақдимотгача кутамиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"