Митти моторли етти машина

Митти моторли етти машина

Катта двигателлар автомобилсозлик тарихига шўнғиётгани ҳақида илгари ёзганмиз. Тўғри, келажак экологик автомобилларники, бироқ ички ёнув двигателларидан тамоман воз кечишга ҳали вақт жуда-жуда эрта. Бу галги мақоламизда кичик двигателли автомобиллар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Smart fortwo

Рейтингимизда Европанинг энг ихчам ва машҳур автомобили иштирок этмаслиги мумкин эмас. Ушоққина 898 см куб ҳажмли двигателини кичкина деманг — турбодамлаш технологияси қўлланганлиги ҳисобига нақ 90 отнинг кучи бор.

Fiat 500 TwinAir

Fiatнинг ретро хэтчбеки Ғарбий Европа бозорида 875 см куб ҳажмли мотор билан сотилади. Унинг номи 0.9 TwinAir. Мазкур бензинли турбодвигатель механик ёки роботлашган узатмалар қутиси билан ишлайди. Механик қути билан ишлаганда ўртача ёнилғи сарфи 100 кмга 3,8 литр.

85 ва 105 от кучига эга 0,9 литрли TwinAirдан ташқари Fiat 500нинг 1,2 литрли бензинли ва 1,3 литрли дизелли двигатели бор.

Renault Kwid

Ҳиндистоннинг митти кроссовери нархи арзонлиги билангина эмас, 799 см кубли моторчаси билан ҳам ғурурланиши мумкин. Унинг номи 0.8 SCe бўлиб, Renault-Nissan концерни махсус тайёрлаб берган. Қуввати ҳам ўзига яраша – 54 от кучи.

Kwid кроссовери юз кмга тўрт литр ёнилғи сарфлайди. Аввалроқ Renault бу русумни Европа бозорига чиқариши ҳақида гап тарқаган, аммо амалга ошгани йўқ.

Maruti Suzuki Celerio Diesel

Номи узун бу автомобиль ҳақида сиз аввал эшитмаган бўлсангиз керак. Kwid сингари бу ҳам Жанубий Осиё бозорларида сотилади. 793 см кубли дизель мотори 47 от кучини етказиб беради. Дизелдан ташқари хэтчбекнинг 67 от кучига эга бензинли мотори ҳам бор.

Honda S660

Аслини олганда, бу ерда японларнинг исталган кей-кари бўлиши мумкин (кей-кар ҳақида ушбу мақолада ўқинг). Аммо биз “микро-NSX” S660да тўхтадик. Тахмин қилганингиздек, S660 жуда ихчам: вазни 850 кг, узунлиги 3395 мм, кенглиги 1475 мм. Шунга қарамасдан спортча қиёфададир.

Унинг мотори ҳажми 660 см кубга тенг. Қуввати 64 о.к. 127 отнинг қуввати бор версияси эса кей-карлар туркумига мансуб саналмайди. Эслатиб ўтамиз: S660 “Хонда” 60-йилларда ишлаб чиқарган S500/600 родстерининг авлодидир.

Caterham Seven 160

Кей-карнинг моторидан спортча автомобилда фойдаланиш мумкинлигига мисол келтирамиз. Caterhamнинг Seven 160 асос версиясида турбодамлаш технологияли мотор жойлашган бўлиб, ҳажми 660 см кубга тенг.

Русум номидаги 160 сони родстернинг энг юқори тезлигини билдиради. Ушоққина мотор 80 от кучига эга бўлиб, 96 км/соат тезликка 6,9 сонияда эришади.

Tata Nano

Дунёдаги энг арзон автомобиль мавқеидаги Tata Nano рўйхатимизга якун ясайди. Ҳинд автомобилчасининг мотори қарийб мотоциклникига тенглашади – 624 см куб.

Икки йил муқаддам Nano янгиланганлиги сабабли қиёфаси ўзгарди. Худди Kwid каби “Нано” ҳам Европада сотилиши ҳақида сўз борган, аммо амалга ошгани йўқ. Ҳиндистонда “Нано”га талаб йилдан йилга пасайиб бораётганлиги сабабли жорий йилда ишлаб чиқариш тўхтатилиши ҳам мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"